Зеленский Ўзбекистонда туғилган сиёсатчини Туркияга элчи этиб тайинлади
Олам
−
15 Май 21580 2 дақиқа
Ўзбекистонда туғилган Наримон Жалил Украинанинг Туркия Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда бугун, 15 май куни Украина Президенти Владимир Зеленский томонидан имзоланган фармонда айтилган.
Маълум қилинишича, Наримон Жалил қрим-татар миллатига мансуб сиёсатчи, журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси саналади. У 1980 йил 27 апрелда Ўзбекистоннинг Навоий шаҳрида туғилган. 1989 йилда оиласи билан Қримга қайтган. Одесса Миллий университетида сиёсатшунослик мутахассислиги бўйича таҳсил олган, “Авдет” газетасида журналист, АТР телеканалида бошловчи бўлиб ишлаган.
Наримон Жалил ўз фаолияти давомида, шунингдек, Симферополдаги Халқаро мактабда тарих ва ҳуқуқ фанларидан дарс берган. 2013 йилдан бошлаб Қрим татар халқининг вакиллик органи бўлган Мажлис раисининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган. 2014 йилда Россия томонидан Қрим босиб олингач, у яриморолда қолиб, қрим-татарлар ва украиналикларнинг ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилган, сиёсий айбловлар сабабли ҳибсга олинган шахсларнинг судларини кузатган.
Шу билан бирга, у 2021 йил сентябрь ойида Қрим Платформаси саммитида қатнашганидан сўнг Россия махсус хизматлари томонидан ҳибсга олиниб, саботаж айблови билан 2022 йилда 17 йиллик қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинган. 2024 йил июнь ойида маҳбуслар алмашинуви орқали озод қилиниб, Украинага қайтган.
“Зеленский томонидан элчи этиб тайинланиши унинг инсон ҳуқуқлари борасидаги тажрибаси ва Қрим билан боғлиқ масалаларда стратегик ролини яна бир бор тасдиқлайди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил сентябрдан бери Украина Мудофаа вазирлигини Самарқандда туғилган Рустам Умаров бошқариб келмоқда.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь