Ўзбекистонда йўл қурилиши бўйича яна 4 та лойиҳа бошланади

Жамият

image

Ўзбекистондаги мавжуд йўлларнинг ҳозирги ҳолати ва қатнов даражасини яхшилаш мақсадида яна 4 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 13 май куни йўл хўжалигидаги ишлар натижадорлиги ва режадаги лойиҳалар бўйича тақдимот билан танишди.

Қайд этилишича, бугунги кунда халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда 1200 километр йўлни реконструкция қилиш бўйича 6 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Энди яна 4 та лойиҳа бошланиши кўзда тутилган.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл ва Беруний шаҳарларини айланиб ўтувчи А-380 магистралини реконструкция қилиш, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 516 километр маҳаллий йўлларни тўла таъмирлаш, Термиз – Денов ҳамда Сирдарё – Бахт оралиғидаги йўлларни цемент-бетон қопламали қилиб қуриш режалаштирилган. Бу лойиҳаларга Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестиция банки маблағлари йўналтирилади.

Давлат раҳбари энг муҳим масала – йўлларни сифатли сақлаш эканини таъкидлади. У йўл бўйларида инфратузилмани ривожлантириб, аҳолига қулайликлар яратиш бўйича топшириқлар берди.

Бундан ташқари, қарийб 20 йил олдин қабул қилинган “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун ҳозирги замон талабларига жавоб бермаётгани, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар, бугунги долзарб масалалар унда акс этмагани айтиб ўтилди.

Президент матбуот хизмати берган хабарга кўра, шу боис ҳам мазкур қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилмоқда. Унда, жумладан, “автомобиль йўлларини режалаштириш” механизмини жорий этиб, йўл инфратузилмасини аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларига мос равишда ривожлантириш назарда тутилмоқда. Йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикри ва атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш ҳамда пиёдалар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш бўйича қатъий талаблар ўрнатилмоқда. Коммуникация тармоғини қуришда йўлнинг аввалги ҳолатини тиклаш харажатларини қоплаш шарти киритилмоқда.

Пулли йўлларнинг ҳуқуқий асослари, ажратилган ва йўл бўйи минтақаларида сервис биноларини жойлаштиришга оид талаблар белгиланмоқда. Йўлларда катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тартибга солинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон нефть ва гази” халқаро форуми доирасида Тошкент шаҳрида бўлиб турган Россиянинг “Газпром нефть” компаниясининг бошқарув раиси Александр Дюковни қабул қилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев йўл қурилиши реконструкция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг