Покистон Ҳиндистон билан келишувдан сўнг ҳаво ҳудудини очди
Олам
−
10 Май 11637 3 дақиқа
Покистон аэропортлари маъмурияти мамлакат ҳаво ҳудуди барча турдаги парвозлар учун қайта очилганини маълум қилди. Бу ҳақда маъмурият ўзининг Facebook саҳифасида хабар берди.
Маълум қилинишича, мамлакат ҳудудидаги барча аэропортлар ўз ишини тиклаган.
“Покистон ҳаво ҳудуди барча турдаги парвозлар учун тўлиқ тикланди. Мамлакатдаги барча аэропортлар ўз ишини тиклади ва одатдаги режимда парвозлар учун мавжуд”, дейилади хабарда.
Шу вақтгача Покистон мамлакати Ҳиндистон билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида бир неча бор ҳаво ҳудудини ёпиб келганди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 10 май куни АҚШ билан музокаралардан сўнг, АҚШ Президенти Дональд Трамп Покистон ва Ҳиндистон зудлик билан ўт очишни тўхтатишга рози бўлгани ҳақида маълум қилганди. Исломобод ва Нью-Деҳли буни тасдиқлади. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, ўт очишни тўхтатиш маҳаллий вақт билан соат 17:00 да бошланган.
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви
22 апрель куни Ҳиндистоннинг Кашмир ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўқ узди. Оқибатда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Воқеа содир бўлган Паҳалгам шаҳри машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади. У Ҳиндистон ва Покистон даъво қилаётган баҳсли ҳудудда жойлашган.
Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги терактдан кейин ўтказилган фавқулодда йиғилишда Покистонга нисбатан кенг кўламли дипломатик ва виза блокадаси жорий этишга қарор қилди. Йиғилиш якунида Ҳиндистон 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси бўйича сув битимини тўхтатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Покистон билан ягона расмий қуруқликдаги чегара пункти – Аттари ёпилди. Покистон фуқароларига визасиз кириш дастури тўхтатилди ва икки давлатдаги дипломатик ходимлар сони қисқартирилди.
Шундан сўнг Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг сув оқимини тўхтатиш ёки буриб юборишга уриниши ҳаракатини “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирди. Кейинчалик Покистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонга қарши урушга тайёрлигини билдириб, бир қатор баёнотлар ва видеолар эълон қилди.
30 апрель куни Покистон Ахборот вазири ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ҳиндистон уларни 24-36 соат ичида ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида ишончли разведка маълумотлари борлигини айтди. Ҳиндистон бу баёнотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, ОАВ Покистон Ҳиндистон билан чегарада 6 бор ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини хабар қилди.
7 майга ўтар кечаси тунда Ҳиндистон Покистонга ракета зарбаси йўллади. Исломобод буни уруш ҳаракати деб атаб, жавоб зарбалари берди. Можаронинг кескинлашувига БМТ, АҚШ, Хитой, Қирғизистон ва Исроил муносабат билдирди. Ўзбекистон ҳам Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка чақирди.
8 май куни икки мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ўртасида бўлиб ўтган ҳаво жангида жами 125 та ҳарбий самолёт бир соатдан ортиқ вақт давомида жанг қилди ва бу авиация тарихидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган ҳаво жангларидан бири бўлди.
Бугун, 10 май куни Покистон Ҳиндистонга қарши “Баньян-уль-Марсус”, яъни “Мустаҳкам девор” деб номланган кенг кўламли ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Бу операция Ҳиндистон томонидан давом этаётган “провокациялар”га жавоб сифатида кўрилди. Покистон армияси Ҳиндистоннинг бир нечта ҳарбий объектларига зарба берган. Улар орасида Удхампур ва Патханкот авиабазалари ҳам бор. Бундан ташқари, “BraMoc” русумидаги кемага қарши товуш тезлигига эга ракеталар омбори йўқ қилинган.