Россия ўзи эълон қилган сулҳга қарамай, Украинани ўққа тутди
Олам
−
09 Май 7840 2 дақиқа
Бугун, 9 майга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг бир қанча вилоятларида Россия Президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган уч кунлик сулҳга қарамай, ҳужумларни давом эттирди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Днепропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг таъкидлашича, Россия ҳарбийлари Никопол, Покровская, Красногригоревская, Мировская ва Марганецка ҳудудларига дронлар билан ҳужум қилган ва артиллериядан ўққа тутган. 83 ёшли маҳаллий фуқаро яраланган, иккита хусусий уйга зарар етган.
Харьков вилояти расмийлари сўнгги бир кун ичида иккита аҳоли пункти ўққа тутилгани, 11 ёшли бола жароҳатланганини маълум қилган. Бундан ташқари, россияликларнинг Волчанск шаҳри яқинидаги тўртта ҳужуми қайтарилган.
Херсон вилоятида 17 та аҳоли пункти артиллерия ва ҳаво ҳужумига учраган. Тўртта тураржой биноси шикастланган, бир киши ҳалок бўлган. Херсонда дрон ҳужуми оқибатида 60 ёшли маҳаллий фуқаро яраланган, у оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Запорожье вилоятида отишма оқибатида маҳаллий аҳоли вакили ҳалок бўлган.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби ўтган сутка давомида Россия армияси Украина бўлинмалари позициялари ва аҳоли пунктларига битта ракета ва 18 та авиация зарбалари бергани, битта ракета қўллагани, 32 та бомба ташлагани ва 2659 та камикадзе дронлардан фойдалангани ҳақида хабар берган.
Ўз навбатида, Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков бугун, 9 май куни эрталаб Украина дрони вилоят ҳукумати биносига келиб тушганини айтган. У эълон қилган видеода Белгороддаги Соборная майдонидаги ҳукумат биноси ёнида вайроналар акс этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин Украинада 8-10 май кунлари бир томонлама равишда ўт очишни тўхтатишни эълон қилган ва бу қарорга Иккинчи жаҳон урушида Германия устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ва “гуманитар мулоҳазалар” сабаб қилиб кўрсатган эди.
Кремль Киевни “бундан ўрнак олишга” чақирган ва ўт очишни тўхтатиш режими бузилган тақдирда “адекват ва самарали жавоб” билан таҳдид қилганди.
Шундан сўнг, Украина Президенти Владимир Зеленский Иккинчи жаҳон урушида Германия устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги нишонланиши муносабати билан Украинада 8 майдан 10 май ярим тунгача давом этиши керак бўлган уч кунлик сулҳ ҳақидаги баёнотларини “манипуляция”, деб атаганди.
Live
Барчаси