Шаҳзода Гарри қироллик оиласига қайтмоқчи

Олам

image

Британия қироли Чарльз III нинг кенжа ўғли шаҳзода Гарри қироллик оиласи билан ярашишни истаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у Буюк Британия апелляция суди давлат ҳимоясини таъминлаш ҳақидаги даъвосини рад этгач, BBC’га берган интервьюсида сўз очди.

Шаҳзода интервьюда суд қарори унинг оиласи билан Буюк Британияга қайтиши имконсизлигини англатишини таъкидлаган.

“Ҳозирги босқичда хотиним ва фарзандларимни Буюк Британияга олиб боришим мумкин бўлган вазиятни тасаввур қила олмайман”, деган у.

Шунингдек, у отаси – қирол Чарльз ҳозирда у билан гаплашишни истамаётганини ҳам айтган.

“Давлат ҳимояси масаласидаги воқеалар туфайли у мендан бутунлай юз ўгирган”, дейди Гарри.

Бироқ шаҳзода оиласи билан ярашишни исташини билдирган.

“Ўзимни тўлиқ кечиришга мажбур қилдим. Оиламдаги баъзи аъзолар билан жиддий келишмовчиликларимиз бўлди. Аммо мен ярашишни истайман. Урушишга энди зарурат йўқ – ҳаёт жуда қисқа”, деган у.

Маълумот учун, сўнгги оммавий сўровлар натижаларига кўра, Гарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл Буюк Британия қироллик оиласининг энг машҳур бўлмаган уч аъзосидан бири сифатида баҳоланмоқда. Бу асосан, уларнинг Британия монархиясига қарши интервьюлари ва шаҳзоданинг автобиографик китоби “Spare”даги танқидлари билан боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда шаҳзода Гарри расман қироллик оиалси вакили вазифаларини бажаришдан воз кечган. Шундан сўнг Буюк Британия ҳукумати уни давлат ҳимоясидан маҳрум қилган. Гарри бунга қарши чиқиб, оиласи хавфсизлигини ўз ҳисобидан таъминлай олмаслигини айтган ва қироллик оиласи билан бўлган низолар туфайли хавфсизлик хавфлари борлигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, айнан қироллик оиласининг босими остида ҳукумат ундан  ҳимояни олиб ташлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шаҳзода Гарри қироллик оиласи Чарльз III

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг