Украина дрони Россиянинг қирувчи самолётини уриб туширди (видео)
Олам
−
03 Май 15927 2 дақиқа
Кеча, 2 май куни Россиянинг бир неча ҳудудларига қилинган кенг кўламли дрон ҳужуми вақтида Украина Қуролли кучлари Қора денгиз акваториясида Новороссийск шаҳри яқинида Россиянинг кўп функцияли Су-30 қирувчи самолётини уриб туширди. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Бош разведка бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужумни Magura номли денгиз дрони амалга оширган. Дрон самолётга қиймати 50 миллион доллар бўлган ЗУР Р-73 русумли иссиқлик бошқарув тизимига эга “ҳаво-ҳаво” ракетасини учирган. Украина разведкаси берган маълумотга кўра, қирувчи самолёт ёниб кетган ва денгизга қулаган. Разведка матбуот хизматининг маълум қилишича, бу “денгиз дрони томонидан жанговар самолётни йўқ қилиш бўйича дунёдаги илк ҳолат” бўлган.
Украина разведкасининг бу баёнотини айрим рус ҳарбий блогерлари ҳам тасдиқлаган.
“Дастлабки маълумотларга кўра, Новороссийскдан 50 км ғарбда жойлашган ҳудудда экипажсиз катердан Р-73 зенит ракетаси ёрдамида Россия денгиз авиациясига тегишли Су-30 қирувчиси уриб туширилган”, деб хабар берган “Военкор Котенок” канали.
Мазкур ҳужум 3 май тонгида Новороссийскка уюштирилган украин дронлари рейдининг бир қисми бўлиб, шундан сўнг шаҳарда фавқулодда ҳолат жорий этилган.
“Рыбаря” каналининг ёзишича, Су-30 самолёти 2 май кечаси уриб туширилган. Украина Қуролли Кучлари бу ерда “алдов” тактикаси қўллаган: Россия Ҳарбий ҳаво кучларининг қирғоқ мудофаасида бўлган самолётлари денгизга чуқур киришга мажбур қилинган ва кейин ҳужумга учраган. Учувчилар катапулт қилишга улгурган ва кейинчалик фуқаролик денгизчилари томонидан қутқарилган.
Live
Барчаси