Ерости сувларидан ҳисоблагичсиз фойдаланганда солиқ тўлови 5 баробар оширилади
Жамият
−
01 Май 24064 1 дақиқа
Ўзбекистонда ерости сувларидан ҳисоблагичсиз фойдаланганда солиқ тўлови 5 баробар оширилади. Бу ҳақда кеча, 30 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.
Қайд этилишича, ерости сувларини ерларни суғориш ва бошқа мақсадлар учун олиш кескин ўсгани, шунингдек, қудуқларни рухсатсиз бурғилаш ва сувлардан назоратсиз, ҳисобга олмасдан фойдаланиш ҳоллари давом этаётгани сабабли ерости сув ресурсларини муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш зарурати пайдо бўлган.
Шу сабабли “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга ерости сувларига қудуқни бурғилаш учун рухсатнома бериш ўрнига ерости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш тартибини жорий этиш белгиланмоқда. Жумладан, Солиқ кодексига ерости сувларидан фойдаланувчилар томонидан сувни ҳисобга олиш воситаларисиз сув олинганида солиқ тўловини белгиланган ставканинг беш баробар миқдорида ундириш назарда тутилмоқда.