Бухорода майнинг ферма 1,2 млрд сўмлик токни ўғирлади (видео)
3-саҳифа
−
01 Май 4792 1 дақиқа
Бухоро вилояти Олот туманида 1 миллиард 22 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган майнинг ферма фош этилди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзэнергоинспексия Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Олот туманида истиқомат қилувчи фуқаро Л. Н. га қарашли хонадонда майнинг қурилмаларни электр ҳисоблагичдан ташқари тақмоққа тўғридан тўғри улаб, ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланган.
Ушбу қоидабузарлик натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 22 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида 2,1 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган МЧЖ фош этилганди.