БМТда Ўзбекистон ташаббуси билан яна бир резолюция қабул қилинди
Жамият
−
28 Апрель 5621 2 дақиқа
БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан ўрмонзорлаш ва ўрмон тиклаш декадаси ҳақидаги резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, БМТ Бош Ассамблеяси Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан “Барқарор ўрмон хўжалиги асосида ўрмонзорлаштириш ва ўрмон тиклаш бўйича ҳаракатлар декадаси” номли резолюцияни қабул қилган. Резолюция ҳаммуаллифлари 80 дан ортиқ давлат бўлиб, улар дунёнинг барча минтақаларини, жумладан Марказий Осиё давлатларини, Озарбайжон, Россия, Бразилия, Австрия, Германия, Финляндия, Португалия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, БАА, Қатар, Баҳрайнни ўз ичига олади.
“Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг асосий ташаббуслари, жумладан “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ъяшилъ иқтисодиёт йили” дастури, “Яшил макон” миллий лойиҳаси ва “Марказий Осиё Яшил камар” дарахт экиш акцияси асосида яратилган”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, резолюция 2027-2036 йилларни “Ўрмонзорлаштириш ва ўрмон тиклаш ҳаракатлар декадаси” деб эълон қилади, куч ва ресурсларни мобилизация қилишга чақиради, шунингдек, давлатлар ва ташкилотларни тегишли чора-тадбирларни кучайтиришга тавсия этади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили август ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан “Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими” резолюциясини қабул қилганди.
Live
Барчаси