Саида Мирзиёева “Арқадағ”нинг қизи билан учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева бугун, 24 апрель куни Самарқандда туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг тўнғич қизи, Гурбангули Бердимуҳамедов номидаги Қаровга муҳтож болаларга кўмаклашиш хайрия жамғармасининг тиббий фаолият бўйича вице-президенти Огулжаҳон Отабоева билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

“Қардош Туркманистондан ташриф буюрган қадрдон меҳмонимиз — муҳтарама Огулжаҳон Гурбангулиевна Отабаевани Ўзбекистонда кутиб олишдан бениҳоя мамнунман”, деб ёзади Мирзиёева.

Улар биргаликда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва Самарқанд шаҳридаги инклюзив таълим марказида бўлиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини қўллаб-қувватлаш, таълим олиш имкониятидан тенг фойдаланиш учун шароит яратиш ишлари билан танишган.

“Ушбу учрашув болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма ташаббусларни ривожлантириш учун яхши асос бўлишига ишонаман!” дейди Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Саида Мирзиёева Туркманистоннинг Арқадағ шаҳрида Огулжаҳон Отабоева билан учрашган эди. Ўшанда у Арқадағ шаҳрида бўлиб ўтган “Тинчлик ва ишонч йили: болалар учун халқаро фаолиятни ривожлантириш” номли халқаро конференцияда ҳам иштирок этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд Ўзбекистон Саида Мирзиёева Туркманистон Огулжаҳон Отабоева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг