Вазият таранглашяпти. Ҳиндистон Покистон билан чегарани ёпади
Олам
−
24 Апрель 7835 2 дақиқа
Ҳиндистон Покистон билан чегарада жойлашган Аттари интеграциялашган асосий назорат-ўтказиш пунктини ёпади. Мазкур қарор Кашмир жанубида рўй берган теракт ортидан қабул қилинган. Бу ҳақда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, “Times of India” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Покистон фуқаролари агар чегарани рухсатнома билан кесиб ўтган бўлса, жорий йил 1 майгача шу йўналишда ортга қайтиши мумкин.
Ҳиндистон ва Покистон ўртасида расмий чегарани кесиб ўтиш имконини берадиган жуда кам сонли пунктлар мавжуд бўлиб, улар орасида энг асосий йўлак Аттари ҳисобланади.
Терактдан сўнг Ҳиндистон яна бир нечта қатъий чораларни эълон қилди:
- 1960 йилда имзоланган “Ҳинд дарёси бўйича” келишув тўхтатилади. Ушбу битим Покистонга сиёсий ва ҳарбий зиддиятларга қарамасдан сув ресурсларидан фойдаланишга кафолат берарди. Эндиликда у Покистон “халқаро терроризмни қўллаб-қувватламаслик” ҳақида қатъий ва аниқ баёнот бермагунча кучсиз ҳисобланади.
- Жанубий Осиё Минтақавий Ҳамкорлик Ташкилотининг (SAARC) доирасидаги визасиз кириш дастури Покистон фуқаролари учун тўхтатилди. Аввал берилган барча SPES визалари бекор қилинди, бу визалар билан Ҳиндистонда бўлиб турган Покистон фуқаролари 48 соат ичида мамлакатни тарк этиши керак.
- Нью-Деҳлидаги Покистон Олий комиссиясининг ҳарбий, денгиз ва ҳаво кучлари бўйича маслаҳатчилари “персона нон грата” деб эълон қилинди. Улар Ҳиндистондан бир ҳафта ичида чиқиб кетишлари керак.
- Ҳиндистон ўзининг Исломободдаги Олий комиссиясидан ҳарбий, денгиз ва авиация бўйича маслаҳатчиларини чақириб олади. Ушбу лавозимлар ҳам бекор қилинади.
Бу орада Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди икки соатдан ортиқ давом этган миллий хавфсизлик бўйича йиғилиш ўтказди.
Ташқи ишлар вазири Викрам Мисри бу чоралар Кашмир жанубидаги терактга жавобан кўрилганини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни Ҳиндистон шимолидаги Кашмир минтақасида юз берган отишма оқибатида камида 25 нафар сайёҳ ҳалок бўлди. Яна 20 дан ортиқ киши яраланган. Расмийлар ҳозирча ҳалок бўлганларнинг сонини расман тасдиқламади. Отишма Пахалгам шаҳрида юз берган. Номаълум шахслар Байсаран водийсидаги сўқмоқ бўйлаб юрган сайёҳларга қарата ўқ узган. Маҳаллий ҳокимият вакиллари бу ҳодисани террорчилик ҳужуми деб атамоқда. Мазкур воқеа ортидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Президенти Драупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Модига таъзия йўллади.
Live
Барчаси