Ўзбекистонда илк бор ёмғир ёғдириш технологияси жорий этилди
Жамият
−
23 Апрель 22719 1 дақиқа
Навоий вилоятининг Конимех туманида экологик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида муҳим аҳамиятга эга бўлган инновацион лойиҳа – ёмғир ёғдириш технологияси амалга оширилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Хабарда узоқ йиллар давомида туманда ёғингарчиликнинг камлиги, қурғоқчилик ва сув танқислиги чорвачиликнинг ривожланишига жиддий тўсиқ бўлиб келаётгани қайд этилган. Мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида биринчи бор туманга ёғингарчиликни сунъий равишда юзага келтирувчи замонавий аппарат олиб келинган.
Қайд этилишича, ушбу аппарат орқали атмосферадаги табиий жараёнларга таъсир кўрсатилиб, булут ҳосил қилиш ва ёмғир ёғдириш имкони яратилади.
“Бу технология Ўзбекистонда илк марта қўлланилаётган бўлиб, унинг асосий мақсади – қурғоқчиликка қарши самарали кураш ва яйловлар ҳолатини яхшилашдир. Айни пайтда бу инновация сув манбаларига боғлиқликни камайтиради, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшади ҳамда чорвачилик ва деҳқончилик соҳаларидаги ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга замин яратади”, дейилади хабарда.
Лойиҳа Қозоғистоннинг International Centre of Climate Change Technologies компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Live
Барчаси