Туркияда эрини ўлдиришда гумонланган ўзбекистонлик аёл қотил бўлмаслиги мумкин
Олам
−
15 Апрель 10190 2 дақиқа
Аввалроқ, Туркиянинг Истанбул шаҳри Картал туманида 28 ёшли ўзбекистонлик аёл молиявий қийинчиликлар туфайли юзага келган жанжал чоғида эрини пичоқ билан яралаб, уни ўлдирганликда гумонланиб, ушлангани ҳақида хабар берилганди. Эндиликда эса марҳум аёлни бўғаётган пайтда орқа томондан пичоқ билан жароҳатлангани ва бу уни бошқа шахс томонидан пичоқланган бўлиши эҳтимолини истисно этмаслиги айтилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, консулхонага гумонланувчи аёлнинг холаси томонидан интервью берилган. Унга кўра, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон фуқароси С.Т. мазкур воқеа юзасидан гумонланувчи сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган. Дастлабки маълумотларга қараганда вафот этган Туркия фуқароси спиртли ичимлик истеъмол қилган ва ўзбекистонлик турмуш ўртоғига нисбатан мунтазам равишда жисмоний ва руҳий босим ўтказиб келган. Воқеа содир бўлган вақтда хонада бошқа шахслар ҳам бўлган. Дастлабки терговга кўра, марҳум аёлни бўғаётган пайтда орқа томонидан пичоқ билан жароҳатланган. Бу эса уни бошқа шахс томонидан пичоқланган бўлиши эҳтимолини истисно этмайди.
“Ҳозирда гумонланувчи аёлга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда ва унга адвокат бириктирилган. Ҳолат Бош консулхона томонидан назоратга олинган”, дейилади хабарда.
“Nefes Gazetesi”нинг ёзишича, воқеа жорий йилнинг 6 апрель куни соат 21:30 атрофида Карликтепа маҳалласидаги бинонинг учинчи қаватидаги квартирада юз берган. Айтилишича, Ўзбекистон фуқароси С.Т. ва турмуш қурганига 4 йил бўлган Эмре Эрим ўртасида молиявий сабабларга кўра жанжал келиб чиққан. Жанжал тезда муштлашувга айланиб кетган. Бундан ғазабланган аёл ошхонадаги пичоқ билан турмуш ўртоғи Эмре Эримга тан жароҳати етказган. Оқибатда оғир тан жароҳати олган эркак вафот этган. Марҳумнинг жасади экспертиза учун Суд тиббиёт институтига юборилган. Картал туманига қарашли милиция гуруҳлари томонидан олиб борилган ишлар чоғида қочишга уринган С.Т. қўлга олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь