НАТО Россия билан урушга тараддуд доирасида харита тузишни бошлади
Олам
−
11 Апрель 2025 5318 3 дақиқа
Россиядан томондан таҳдид ортиб бораётгани сабабли НАТО давлатлари бу хавфга ер устида қарши туриш учун тайёргарлик кўришга киришди. Бунинг учун аниқ, замонавий, жумладан 3D форматдаги хариталар зарур. Шу сабабли Франция ҳарбийлари махсус хариталар тузмоқда. Бу ҳақда “Le Figaro” хабар берди.
Қайд этилишича, 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан Франция армияси Карпат тоғларининг ғарбий томонида жойлашган Руминиянинг Чинку шаҳрига минг нафар аскар жойлаштирган. Тоғларнинг шарқий томонида Молдова, жанубида эса Дунай дарёси жойлашган бўлиб, бу ер орқали Украинага йўл очилади. Руминия ва НАТО штаблари бу ҳудудни Россия армияси бостириб кириши мумкин бўлган йўналиш деб ҳисобламоқда.
Шу сабабли Франция муҳандислик бригадасининг картографик полки Руминия картография агентлиги билан ҳамкорликда ҳудуд хариталарини янгилаш ишларини олиб бормоқда.
“Иттифоқчиларга келажакдаги эҳтимолий жанг майдонлари ҳақида энг сўнгги маълумотлар керак. Биз қурол тизимлари жойлаштириладиган жойларни, муҳим нишонларни аниқлаб олишимиз, ҳарбий ҳаракатчанлик масалаларини ишлаб чиқишимиз, йўналишлар ва чекловларни ҳужжатлаштиришимиз зарур”, дейди нашрга изоҳ берган франциялик полковник.
Нашрнинг ёзишича, хариталарга, шунингдек, артиллериячилар учун зарурат туғилганда мўлжал бўла оладиган “баланд нуқталар” – сув миноралари, черков қўнғироқлари ва шунга ўхшаш объектлар киритилмоқда. Армиянинг техник воситалари ҳаракатлана оладиган йўналишлар харитаси тузилган. Бу иш учун “Google car”га ўхшаш, лекин кучлироқ техникалар – камералар ва 3D лазер сканерловчи радарларга эга махсус машиналар қўлланилган. Бу харитада йўналишлар билан бирга ҳарбийлар учун аҳамиятли бўлган, аммо оддий фуқаро хариталарида йўқ муҳандислик иншоотлари ҳақида ҳам маълумот бор. Бундай техника кира олмайдиган ҳудудларда эса дронлар ишлатилади.
“НАТОнинг шарқий қанотидаги давлатлар Россиянинг келгусида тажовузкор ҳаракатлар содир этиш эҳтимоли ортаётганини инобатга олиб, мудофаасини фаол мустаҳкамлашга киришган. Уларнинг разведка ва ҳарбий доиралари фикрига кўра, агар Украинада тинчлик битими тузилса ва Россия қуролланиш ҳамда армиясини қайта тайёрлаш имкониятига эга бўлса, таҳдид янада кучаяди”, дейилади хабарда.
Шу сабабли Польша, Литва, Латвия, Эстония ва Финляндия пиёда юрувчи аскарларга қарши мўлжалланган миналарни тақиқловчи Оттава конвенциясидан чиқишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу уларнинг чегараларни миналашига йўл очади. 2024 йил декабрь ойида Еврокомиссия Россия ва Беларусь билан чегарадош олтита давлатга ўз чегараларини ҳимоя қилиш учун 170 миллион евро ажратилганини эълон қилган. Жорий йил март ойида эса Европа Иттифоқи минтақа қуролли кучларини қайта қуроллантириш ва модернизация қилиш бўйича 800 миллиард евро миқдоридаги умумий бюджетга эга режани тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Литва, Латвия ва Эстония Мудофаа вазирликлари Россия ва Беларусь билан чегарани миналаш масаласини кўтарганди. Ушбу уч республика Мудофаа вазирлари чегарани бир неча қатламли истеҳкомлар билан мустаҳкамлаш масаласини кўриб чиқмоқда. Гап пиёдаларга қарши ва танкка қарши миналар ҳақида бормоқда.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025