ЕИ тез орада АҚШ божларига жавоб қайтаришни бошлайди

Олам

image

Европа Иттифоқи (ЕИ) АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан пўлат ва алюминийга қўйилган қўшимча божлар сабабли, жавоб тариқасида божлар жорий этишни режалаштирмоқда. ЕИнинг савдо бўйича комиссари Марош Шефчовичнинг сўзларига кўра, биринчи божлар 15 апрелдан кучга киради ва АҚШнинг жинси шимлари, виски, ерёнғоқ мойи, мотоцикллар каби маҳсулотларига тааллуқли бўлади. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Шефчович 9 апрель куни жавоб божларига тортиладиган маҳсулотлар рўйхати якуний тасдиқланишини маълум қилган. Май ойининг ўрталарида эса бошқа АҚШ маҳсулотларига ҳам божлар жорий этилиши кутилмоқда. Бу сафар аввалги даврда Трампнинг биринчи президентлик муддати давомида жавоб божларига тортилмаган маҳсулотлар ҳам қамраб олинади. Янги божлар, хусусан, АҚШнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, парранда гўшти, мол гўшти, баъзи денгиз маҳсулотлари, ёнғоқлар, тухум, сут маҳсулотлари, шакар ва сабзавотларга нисбатан қўлланилиши режалаштирилган. Шунингдек, айрим саноат маҳсулотлари, масалан, тўқимачилик маҳсулотлари, чарм буюмлар, маиший техника, асбоб-ускуналар, пластмасса ва ёғоч маҳсулотлари ҳам божлар рўйхатига киритилиши мумкин.

ЕИ расмийлари ушбу божлар АҚШни савдо масалаларида музокараларга ундашига умид қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп 2 апрель куни импорт маҳсулотларига янги божлар жорий этганди. Асосий ставка бутун импорт қилинадиган маҳсулотларга нисбатан 10 фоизни ташкил этади, аммо айрим давлатлар учун бу тарифлар анча юқори белгиланган. Масалан, Хитой учун 34%, Вьетнам учун 46%, Европа Иттифоқи давлатлари учун 20%. Россия ва Беларусга нисбатан божлар жорий этилмаган.

Трамп ўз қарорини “иқтисодий мустақиллик акти” деб атаган ва бу чоралар Америка иқтисодиётининг рақобатбардошлилигини тиклашга қаратилганини таъкидлаган. Бироқ кўп ўтмай, АҚШ Президенти тарифлар бўйича музокараларга тайёрлигини билдирган. 5 апрель куни эса Оқ уй Вьетнам, Ҳиндистон ва Исроил билан аввал жорий этилган божларни юмшатишга имкон берувчи савдо келишувлари юзасидан музокараларни бошлагани маълум бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Европа Иттифоқи бож Марош Шефчович

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг