Бугун Ҳусанов ва “Сити” Манчестер дербисида иштирок этади
Спорт
−
06 Апрель
183056 апрель куни Англия Премьер-лигаси 31-тури доирасида Манчестер шаҳрининг икки клуби ўртасида дерби бўлиб ўтади. “Манчестер Юнайтед” ўз уй стадиони бўлмиш “Олд Траффорд”да “Манчестер Сити”ни қабул қилади. Ушбу ўйинда “шаҳарликлар” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушиши кутилмоқда.
Ҳусановнинг дербида майдонга тушиш имконияти қандай?
“Манчестер Сити”нинг ўзбекистонлик ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ўтган кубок ўйинида бир тайм ўйнади ва заҳирага олинган эди. “Лестер”га қарши баҳсда эса қайдномага ҳам киритилмади. Буни мураббий Гвардиола Ҳусановни дербидаги баҳс учун асраб қўйдик деган сабаб билан изоҳлаб берди. “Лестер”га қарши ўйинда Нико О'рейли асосий таркибда чап қанот ҳимоясида, Йошко Гвардиол эса марказий ҳимояга ўтказилган эди. Ҳусановда ҳеч қандай жароҳат йўқ. У “Манчестер Юнайтед”га қарши ўйинга тайёр.
Ўзаро учрашувлар тарихи
Манчестер шаҳрининг ушбу икки клуби умумий 195 марта тўқнаш келиб, шундан 80 та ўйинда “Юнайтед”, 62 та баҳсда “Сити” ғалаба қозонган. 53 та учрашувда ғолиб аниқланмаган, яъни дуранг қайд этилган. Жамоаларинг охирги тўқнашуви 2024 йилнинг 15 декабрь куни “Этиҳад” аренасида бўлиб ўтган ва унда “Манчестер Юнайтед” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Мазкур тўқнашувга қадар “Манчестер Юнайтед” ўтган турда “Ноттингем” меҳмони бўлди ва 1:0 ҳисобида мағлуб бўлди. “Манчестер Сити” эса “Лестер“ни ўз уйида 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Таркибдаги йўқотишлар
Иккала жамоа ҳам мазкур ўйинга таркибдаги жиддий йўқотишлар билан келмоқда. “Манчестер Юнайтед”да биринчи даврадаги ўйин қаҳрамони Амад Диалло, ярим ҳимоячи Кобби Мейну, ҳимоячилар Жонни Эванс, Лисандро Мартинес ва Льюк Шоу жароҳат сабаб ўйинни ўтказиб юборади. “Шаҳарликлар” сафида эса жамоанинг асосий ҳужумчиси Эрлинг Холанд, ярим ҳимоячи Родри, ҳимоячилар Натан Аке, Жон Стоунз ва Мануэль Аканжи учрашувда клубига ёрдам бера олмайди.
Тахминий таркиблар
Ҳар ўйинда бўлгани каби ушбу баҳс олдидан бир нечта порталлар ўзининг тахминий таркибларини эълон қилди.
“Opta” талқинига кўра...
“Манчестер Юнайтед” таркиби:
Онана, Йоро, Де Лигт, Мазрауи, Далот, Доргу, Каземиро, Угарте, Фернандеш, Гарначо, Зиркзее.
“Манчестер Сити” таркиби:
Эдерсон, Нунес, Диаш, Гвардиол, О'рейли, Гюндоган, Нико, Савиньо, Грилиш, Доку, Мармуш.
“Sportsmole” талқинига кўра...
“Манчестер Юнайтед” таркиби:
Онана, Мазрауи, Де Лигт, Йоро, Далот, Угарте, Фернандеш, Доргу, Маунт, Гарначо, Хойлунд.
“Манчестер Сити” таркиби:
Эдерсон, Нунес, Диаш, Гвардиол, О'рейли, Гюндоган, Нико, Савиньо, Грилиш, Доку, Мармуш.
Ҳар иккала портал ҳам ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусановни заҳирада қолдирган. Бунинг сабаби ўтган кубок ўйинида заҳирадан майдонга тушиб, иккита ассист қайд этган Нико О'рейли бугун асосий таркибда ўйинни бошлайди дея тахмин қилимоқда. Асосий таркиб билан боғлиқ якуний қарор Гвардиола томонидан чиқарилади.
Маълумот ўрнида, ушбу ўйин бугун, 6 апрель куни Тошкент вақти билан 20:30 да старт олади.
LiveБарчаси
Тренддагилар




