Сирдарёда ЙПХ ходимининг суратини тарқатган қиз жазоланди (видео)
3-саҳифа
−
22 Март
8796Сирдарё вилоятида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимининг суратини уни обрўсизлантириш мақсадида тарқатган қиз 7,5 млн сўм жаримага тортилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳужжатига кўра, жорий йилнинг 23-24 февраль кунлари З.Ю. ўзининг Instagram саҳифасида Сирдарё вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот гуруҳи катта мутахассиси О.Р.нинг хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган фотосуратини жойлаб, уни ёлғончилик ва “шантаж” қилишда айблаган. Қизга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимининг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ахборотни бузиб тарқатгани ҳолати юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Судда З.Ю. О.Р. уни ҳужжатларсиз автомашина бошқаргани учун ҳужжатлар тўплаб, уни судга ошириб, суд жараёнини ҳам видеотасвирга олдириб, унга етти сутка маъмурий қамоқ жазосига торттиргани, ўша судда унинг қўлига кишан тақилган ҳолатини тасвирларга олдириб, телевидение ва ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали кенг оммага намойиш этгани, у ҳали турмушга чиқмагани, ушбу судда олинган видеорепортаж унинг келгусидаги турмушига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги, бундан уни жаҳли чиқиб, маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққанидан кейин ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида жаҳл устидан ушбу видеотасвирни олиб, жойлаштирганини, кейин ўчириб ташлаганини айтган. Шунингдек, у бу ишларни жаҳл устида қилгани, қилган ишидан пушаймонлиги ва бошқа бу ҳолат такрорланмаслиги, унга нисбатан қонуний енгиллик берилишини сўраган.
Жорий йилнинг 5 март куни жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судида З.Ю. нинг иши кўриб чиқилган. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1952-моддасида (Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото- ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари, яъни 7 млн 500 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, икки йил аввал, 2023 йилда Ички ишлар вазирлиги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонунни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритганди. Бу ўзгартишдаги 1952-моддада ички ишлар органлари ходимларини хизмат вазифасини бажариши вақтида фото ва видеога олиб, уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетга жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида, яъни 18 млн 750 сўм жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган эди.
Жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлис Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Энди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган янги 1952-модда билан жарима БҲМнинг 20 бараваридан 50 бараваригача, маъмурий қамоққа олиш 10 суткача белгиланган.
LiveБарчаси
Доллар курси яна тушди.
18:15
Тренддагилар


