“А” йўлакда ҳаракатланганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
Жамият
−
17 Март
5412Автобус йўлагида ҳаракатланганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда бугун, 17 март куни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга ҳамда жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунда сўз боради.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда тирбандлик масаласи аҳоли учун, айниқса, пойтахтда энг долзарб муаммога айланмоқда. Сўнгги 2-3 йилда Тошкент шаҳрида 7-9 баллик тирбандликлар ҳар куни кузатилаётган бўлса, айрим вақтларда мазкур ҳолат 10 баллгача кўтарилмоқда. Бу эса йўлларда асабий ва зиддиятли ҳолатларга, йўловчи ҳамда ҳайдовчиларнинг соатлаб вақт сарфлашига сабаб бўлмоқда.
Тошкент шаҳрида автобуслар сони сўнгги 2 йилда 2 баробарга ошди. Улар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши натижасида автобусларнинг қатновдаги оралиқ интервали 2 баробарга қисқарди. Йўловчилар сони 2 баробарга ўсиб, кунлик фойдаланувчилар сони 1 млн йўловчига етган.
Амалдаги қонунчиликда жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланган транспорт воситалари ҳайдовчилари учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.
Шу билан бирга, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини велосипед йўлаклари, тротуарлар ҳамда яшил ҳудуд майдонларида бошқариши кўплаб кузатилмоқда ва ушбу ҳудудларда ҳаракат қатнашчиларининг хавфсизлигини ишончли таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан яна бири ноқонуний равишда сунъий тўсиқлар ўрнатиш, йўлни тўсиб қўйиш ҳолатлари ҳисобланади.
Фуқаролар ўз яшаш ҳудудларидаги кўчаларда ноқонуний равишда сунъий тўсиқлар ўрнатиши, йўлни тўсиб қўйиш орқали ҳаракатланишни чеклаган ҳолда аҳолига шошилинч хизмат кўрсатувчи ҳамда махсус транспорт воситалари ҳаракатига тўсқинлик қилмоқда.
Бу борадаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 1287-модда киритилиб, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Жумладан, йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан транспорт воситаларининг ҳаракатланиши – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддаси номланиши ва биринчи қисми диспозицияси янги таҳрирда баён этилмоқда.
Эндиликда ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини тротуарлардан, пиёдалар ва велосипед йўлкаларидан, яшил майдонлардан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Сенторлар таъкидлаганидек, Қонуннинг қабул қилиниши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга, йўлларда жамоат транспорти ҳаракатланиши учун қўшимча қулайликлар яратилишига хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
LiveБарчаси
Тренддагилар



