Ваъда. Ўзбекистон Францияга нима бермоқчи?
Таҳлил
−
14 Март
15548Россия-Украина можаролари борасида АҚШ ўз сиёсатини ўзгартираётган бир даврда Европа Иттифоқига “бош-қош бўлаётган” Эммануэль Макрон Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантирмоқчи ва Мирзиёевни катта ҳурмат, иззат-икром билан кутиб олди. Унга қучоқ очди, кўксига “Фахрий легион” орденини тақиб қўйди. Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён учинчи марта Францияга борди. Анъанага айланган бу ташрифларнинг биринчиси 2018 йилда амалга оширилган бўлиб, бу Ўзбекистон раҳбарининг сўнгги 20 йилда Францияга илк ташрифи сифатида ёдда қолди ва ҳаммаси ўшандан бошланди.
Хўш, бу сафар икки давлат раҳбарлари нимага келишиб олди ва аввалги муносабатлар қандай эди? Франция Ўзбекистонни ўз уран етказиб берувчисига айлантиряптими? Ўзи Ўзбекистон дунё саҳнида кимлар билан дўст? Стратегик шартнома шартлари қандай? Мен сизга айтсам, у мудофаадан тортиб, иқтисодгача, сўз эркинлигидан тортиб, маданий меросни ҳимоя қилишгача бўлган бўлимларни қамраб олади. Ўзбекистоннинг ваъдасига кўра, мамлакатда инсон ҳуқуқлари, сўз ва матбуот эркинлиги таъминланиши ва доимий ривожлантириб бориши қўллаб-қувватланиши керак.
Ўзбекистоннинг 20 дан ортиқ стратегик шериклари бор. Энди улар қаторига Франция ҳам қўшилди. Хўш, Президентлар имзолаган, 5 бўлим ва 36 моддадан иборат стратегик шериклар тўғрисидаги декларацияда ким қандай мажбуриятларни олган?
Декларация аввалида томонлар халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва ҳар бир томон тенглик, суверенитет, мустақиллик, ҳудудий яхлитлик, чегаралар дахлсизлигини ва ўзаро ишончни ҳурмат қилиш асосида ўз муносабатларини ривожлантириши урғуланган.
Ҳар икки томон минтақавий тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлайди. Яъни ҳеч ким, айниқса, Франция уруш истамайди. Улар халқаро ҳуқуққа зид бўлган ҳар қандай таҳдид ёки куч ишлатишга қатъий қарши чиқадилар. Фақат бу қаршиликда кучлар бирлашадими ёки ҳамма ўз ҳолича ҳаракат қиладими, буниси мавҳум.
Ҳужжатда Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва яхши қўшничилик муносабатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши, Марказий Осиёнинг беш мамлакати давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари муҳимлиги алоҳида қайд этилган. Бундан кўринадики, Франция Марказий Осиёнинг қолган 4 давлати билан ҳам Ўзбекистон орқали тил боғламоқчи.
Шунингдек, томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставига содиқлигини, хусусан, ҳар бир мамлакатнинг ривожланиши, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлаши қайд этилган. Франция ва Ўзбекистон барча соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва халқаро ташкилотлар доирасида, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, унинг ихтисослашган муассасалари ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни оширишни исташи урғуланган.
UNESCO Бош конференциясининг 43-сессиясининг Самарқандда ўтказилишини қутлаб, Франция ва Ўзбекистон ушбу ташкилот доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлиги билдирилган.
Франция ва Ўзбекистон маданий меросни қуролли тўқнашувлар, иқлим ўзгариши ва табиий офатлардан ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларини ҳам тасдиқлаган.
Давлат раҳбарлари имзолаган ҳужжатда жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” биринчи саммити ҳақида ҳам сўз борган. Томонлар Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришни рағбатлантиради ҳамда бир томондан Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар, иккинчи томондан эса Ўзбекистон Республикаси ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг тезроқ имзоланишидан умидвор.
Шунингдек, Франция ва Ўзбекистон ўзларининг тегишли институтларини жалб қилиш орқали қонун устуворлиги соҳасидаги ўзаро алмашинувларни чуқурлаштириш ниятида. 2023 йил 2 ноябрдаги Қўшма декларацияга мувофиқ, Франция “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшишга ҳамда қатор муаммоларга қарамай, Ўзбекистонда демократия ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр. Томонлар Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти институтларини мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббуслар орқали қонун устуворлигини ривожлантиришга кўмаклашиш учун биргаликда ҳаракат қилиш тарафдори.
Иккала томон ҳам гендер тенглиги соҳасида узоқ муддатли ислоҳотларни рағбатлантириш ва аёлларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига қарши курашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган.
Франция ва Ўзбекистон бошқарув, парламент ҳамкорлиги, давлат хизматчилари малакасини ошириш, одил судлов, коррупция ва жазосизликка қарши кураш соҳаларида ҳамкорликни давом эттиришни истайди. Аммо булардан қандай натижа бўлади, бунга катта умид боғлашга ҳали эрта.
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳам ҳужжатда назардан четда қолмаган.
Ҳар икки томон ўз эҳтиёжларига кўра ўз салоҳияти ва мустақиллигини мустаҳкамлаш учун мудофаа соҳасидаги муносабатларни ривожлантиради. Шу мақсадда улар тузилмавий лойиҳаларни ўрганиш ва амалга ошириш орқали мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликка янги суръат бағишлайди.
Томонлар умумий манфаатларга эга бўлган барча мудофаа ва хавфсизлик масалалари, хусусан, сиёсий, ҳарбий ва мудофаа саноати соҳаларида мунтазам равишда икки томонлама стратегик мулоқотлар ўтказишни қўллаб-қувватламоқда. Маслаҳатлашувлар глобал стратегик муҳит, минтақавий муаммолар, терроризмга қарши кураш, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, қурол-яроғ назорати, энергетика муаммолари, фуқаро муҳофазаси, гибрид таҳдидлар, дезинформация, бузувчи технологиялар ва сунъий интеллект каби умумий манфаатларга эга мавзуларни қамраб олади. Билдирилишича, Мудофаа техникаси дастурлари бўйича Франция ва Ўзбекистон ҳамкорликни давом эттирмоқда ва бу борада мунтазам алмашинувларни рағбатлантирмоқда.
Маълумки, Франция ядровий давлатлардан бири бўлиб, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома шартларига кўра ядро қуролига эга бўлишга “рухсат берилган” бешта давлатдан биридир. Бундан ташқари, у оммавий қирғин қуролларининг бошқа турларига эга эмас ва 1995 йилдан буён Кимёвий қуроллар ва 1984 йилдан бери Биологик ва токсин қуроллари тўғрисидаги конвенциянинг аъзоси ҳисобланади. Франция 1960 йилда ядро бомбасини синовдан ўтказган тўртинчи давлатдир. Францияда ҳозирда тўртта ядровий сув ости кемасида жойлаштирилган 300 га яқин стратегик жанговар каллаклар, шунингдек, 60 та тактик ҳаво каллаклари мавжуд. Бу ядровий қуроллар сони бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайди.
Хуллас, ҳужжатда ҳар икки томон 1968 йил 1 июлда қабул қилинган Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани самарали амалга оширишни қўллаб-қувватлаши ва ядро хавфсизлигини таъминлаши эътироф этилган.
Қолаверса, томонлар уюшган жиноятчиликка, хусусан, гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ ва одам савдосига қарши курашда ҳамкорликни кучайтиришни истайди. Франция ва Ўзбекистон мутахассислар ва малакали ишчиларнинг қонуний ва уюшган миграциясини тузиб, тартибсиз иммиграцияга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш ниятида.
Жиноятчиликка қарши курашда ахборот алмашинувини кучайтириш ва икки давлат хавфсизлик тузилмалари ўртасидаги муносабатларни фаоллаштириш режада. Унга кўра, делегациялар алмашинуви ва ўқув фаолияти чуқурлаштирилади.
Иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва савдони ривожлантиришга келсак, томонлар 2020-2030 йилларга мўлжалланган иқтисодий йўл харитасига мувофиқ қуйидаги йўналишларда бир овоздан стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори бўлмоқда.
- аэронавтика ва космик, энергетика ва саноат;
- геологик қидирув ва тоғ-кон ишлаб чиқариш;
- шаҳар коммунал хизматлари (шу жумладан иситиш, ичимлик суви, канализация, чиқиндиларни бошқариш ва бошқалар);
- сув ресурсларини бошқариш; транспорт инфратузилмаси ва ускуналари; логистика; туризм.
Иккала томон ҳам стратегик фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр. Шу муносабат билан ташриф доирасида Франциянинг Orano ва Ўзбекистоннинг “Навоийуран” корхонаси Nurlikum Mining қўшма корхонасининг Жанубий Женгелди уран қазиб олиш лойиҳасини ривожлантириш учун асос яратадиган келишувни имзолади.
Келишув шартларига кўра, Жанубий Женгелди лойиҳаси “Навоийуран”нинг мавжуд саноат базасига интеграция қилинади ва лойиҳа оператори сифатида айнан шу компания фаолият юритади. Унга кўра, Жанубий Женгелди лойиҳаси 10 давомида уран ишлаб чиқаришни таъминлай олади ва йиллик 700 метрик тонна уран қазиб олишнинг энг юқори даражасига эришиши кутилмоқда.
Стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияга қайтсак, Франция Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш истиқболини қўллаб-қувватлайди. Иккала томон ҳам савдони ривожлантириш ва диверсификация қилишни, хусусан, Ўзбекистон бенефициар бўлган GSP+ механизми доирасида рағбатлантираётгани қайд этилган.
Томонлар келишувга кўра, халқаро транспорт коридорлари соҳасида, хусусан, Европанинг “Global Gateway” стратегияси доирасида ҳамкорликни фаоллаштиради. Улар барча манфаатдор томонларнинг иштирок этишини таъминлаш орқали минтақавий алоқани рағбатлантиради.
Йўл харитаси доирасида икки томонлама муносабатлар учун устувор ва стратегик деб топилган иқтисодий лойиҳалар белгиланади. Бу, айниқса, иқтисодий ҳамкорлик бўйича Франция-Ўзбекистон қўшма комиссияси сессияларида мунтазам янгиланиб борилади.
Экология масаласи ҳам устувор. Томонлар сув ресурсларини бошқариш сайёра ва иқлим учун муҳим муаммо эканлигини тан олади ва бу соҳада ўзаро алмашинувларни чуқурлаштириш ниятида.
Улар яшил иқтисодиёт, энергия самарадорлигини ошириш, турли молиялаштириш йўли билан аёллар тадбиркорлигини рағбатлантириш, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва асраб-авайлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватланади. Улар Ўзбекистонда иқтисодий ривожланиш ва атроф-муҳитни ўзгартиришга ҳисса қўшадиган аниқ лойиҳаларни молиялаштиришни рағбатлантиради.
Икки давлат халқлари ўртасида ўзаро тушуниш ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш мақсадида Томонлар Ўзбекистонда мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ҳамда ўқитувчилар малакасини оширишда француз тилини ўқитиш ва амалиётини ривожлантиришни қўллаб-қувватламоқчи.
Ахборотни манипуляция қилишга қарши курашиш мақсадида ҳар икки томон ҳам ахборотнинг яхлитлиги ва сўз эркинлигига содиқлигини билдирган. Бироқ халқаро экспертлар Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги билан боғлиқ муаммолар йил сайин ортиб бораётганини айтмоқда. Шунингдек, ҳужжатда томонлар медиа-таълим соҳасида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиши, журналистлар ва мустақил оммавий ахборот воситалари салоҳиятини оширишни қўллаб-қувватлаши белгиланган.
Ҳар икки томоннинг ташқи ишлар вазирликлари тегишли маъмуриятлар билан биргаликда ушбу Қўшма декларациянинг, хусусан, икки томонлама муносабатларнинг стратегик лойиҳалари амалга оширилишини назорат қилиш учун масъул.
LiveБарчаси