Париж кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилди

Олам

image

Францияга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 13 март куни Париж шаҳри мэри Анн Идальго билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, суҳбат аввалида давлат раҳбари пойтахт мэрини ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари муваффақиятли ўтказилгани билан самимий қутлаган, шунингдек, Париж кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилгани учун миннатдорлик билдирган.

Ўз навбатида, Анн Идальго Ўзбекистон раҳбарига Олимпиада тадбирлари даврида жамоат хавфсизлигини таъминлашда кўрсатилган ёрдам учун ташаккур билдирган.

Учрашувда Президентнинг ушбу ташрифи тарихий натижалар билан якунлангани, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилган.

Тошкент ва Париж ўртасидаги амалий ҳамкорлик ва алмашинувларни имзоланган битим асосида фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинган.

“Шаҳарсозликни режалаштириш, “яшил” ҳудудлар барпо этиш, жамоат транспортини ривожлантириш, рақамлаштириш, шунингдек, шаҳар коммуникацияларини модернизация қилиш ва улардан барқарор фойдаланиш борасида тажриба алмашиш, шулар жумласидан”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ўзаро кўргазмалар, маданият ва санъат кунлари, сайёҳлик ва гастрономик фестиваллар ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.

Учрашув якунида Париж кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилишига бағишланган расмий маросим бўлиб ўтган.

Давлат раҳбари ва Париж мэри Ўзбекистон Президенти фахрий меҳмон сифатида Париж шаҳрида бўлгани тўғрисида қўшма ҳужжатни имзолаган. Ушбу эсдалик ёрлиғи мэрия музейида намойиш этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция раҳбари Эммануэль Макрон Елисей саройида Мирзиёев шарафига давлат қабул маросими уюштирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Шавкат Мирзиёев Франция-Ўзбекистон Анн Идальго

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг