Илҳом Алиев авиаҳалокатда қурбон бўлган экипаж аъзоларининг жанозасига борди (фоторепортаж)
Олам
−
30 Декабрь 2024
11790Кеча, 29 декабрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва биринчи хоними Меҳрибон Алиева Баку-Грозний йўналишида парвоз қилаётган самолёт ҳалокати оқибатида ҳалок бўлган экипаж аъзолари билан видолашув маросимида иштирок этди ва самолёт экипажи аъзоларини тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, Алиев Ҳайдар Алиев халқаро аэропортига ташриф буюриб, қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.
Шунингдек, ушбу шахсларни мукофотлаш тўғрисида Озарбайжон Республикаси Президентининг фармони имзоланган. Ҳужжатга кўра, борт командири Игорь Кшнякин, учувчи Александр Калянинов ва стюардесса Ҳўкума Алиевага “Миллий қаҳрамон” унвони берилган. Уларнинг барчаси ҳалокатда қурбон бўлган.
Бундан ташқари, тирик қолган борт кузатувчилари Зулфиқор Асадов ва Ойдин Раҳимли биринчи даражали “Рашадат” (Жасорат) ордени билан тақдирланган.
Embraer 190 самолётининг қулаши
25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди.
Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.
Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди.
АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россияниг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.
Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди.
Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси
01 Январь