Россия мактабларида мигрант ўқувчиларнинг рус тилини билиш даражаси текширилди
Олам
−
28 Ноябрь
2889Жорий йилнинг октябрь ойида Россия мактабларида ўтказилган рус тилини билиш бўйича диагностикадан мигрант болаларнинг 58 фоиздан ортиғи муваффақиятли ўтди, 23 фоиздан кўпроғида ўқишда қийинчиликлар аниқланди, тахминан 18 фоизи эса рус тилини яхши билмаслиги ёки умуман билмаслиги аниқланди. Бу ҳақида РБК хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур тестлар Россиянинг умумтаълим тизимига вояга етмаган чет эл фуқароларини интеграциялаш жараёнини мониторинг қилиш доирасида ўтказилган.
Чет эл фуқароларининг вояга етмаган фарзандларини рус тили ва ижтимоий-маданий мослаштириш даражасини баҳолаш тизимини синовдан ўтказиш лойиҳасини бошқараётган М. Акмулла номидаги Бошқир давлат педагогика университетининг Халқаро алоқалар бошқармаси раҳбари Ксения Габдрахмановага кўра, ушбу лойиҳа чет эл фуқаролари фарзандларининг Россия таълим тизимида ўқиши, шу жумладан, тил диагностикаси ва мослаштириш дастурларини ўрганишига қаратилган. Мониторинг Россия Таълим вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган.
Маълумотларига кўра, 2024-2025 ўқув йили бошида рус тили бўйича диагностикадан 154,8 минг нафар чет эл фуқароларининг фарзандлари ўтган, бу Россия таълим ташкилотларида ўқиётган барча мигрант ўқувчиларининг 74,4 фоизини ташкил қилади. Мониторинг бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган. 28 ҳудудда мигрант ўқувчиларнинг 100 фоизи диагностикадан ўтган бўлса, 32 ҳудудда бу кўрсаткич 80 фоиздан 99,9 фоизгача, 16 ҳудудда эса 60 фоиздан 79,9 фоизгача бўлган. 12 ҳудудда чет эллик ўқувчиларнинг фақат 20 фоиздан 59,9 фоизгача қисми диагностикадан ўтган.
Бундай диагностика ўтказиш имконияти 2023 йилда Таълим вазирлиги буйруғи кучга кирганидан сўнг пайдо бўлган. Ушбу буйруққа кўра, мактаблар тилни яхши билмайдиган ўқувчилар учун диагностика ўтказилгандан кейин қўшимча рус тили таълими ташкил қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Диагностика ўтказиш тартибини мактабнинг ўзи белгилайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думаси мигрантларнинг рус тилини билмайдиган болаларини мактабларга қабул қилишни тақиқлаш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаётгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси