Мирзиёев Исроил ҳаракатларини қоралади
Жамият
−
06 Ноябрь
8231Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Исроилнинг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни қоралади. Бу ҳақда у бугун, 6 ноябрь куни Бишкекда ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўз очди.
“Бу ўринда гап, энг аввало, Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида бормоқда. Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни ҳам кескин қоралаймиз”, деди Мирзиёев.
Ўзбекистон етакчисининг айтишича, мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдир. Шунингдек, у кейинги ҳафта Ар-Риёд шаҳрида ўтадиган араб-мусулмон давлатлари саммитида бу муаммога аниқ сиёсий ечим топилишига умид билдирди.
“Хавфсизлик ҳақида тўхталганда, Афғонистон масаласи Ташкилотимиз доирасида доимо диққатимиз марказида бўлиши лозим. Бу борада вазирлар ва экспертлар даражасидаги мунтазам мулоқот механизмини йўлга қўйиш муҳимдир”, деди Президент.
Унинг фикрича, Афғонистондаги ўткир муаммоларни ҳал этишда амалдаги ҳукуматга ёрдам кўрсатиш, бу давлатни минтақавий иқтисодий жараёнларга кенг жалб этиш, ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш масалалари албатта кўриб чиқилиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UNRWA билан ҳамкорликни тўхтатишни назарда тутувчи мунозарали қонун лойиҳаси Исроил парламентида 10 депутатнинг қарши ва 92 депутатнинг ёқловчи овози билан маъқулланган эди. Германия, Франция, Буюк Британия, Канада, Австралия, Япония ва Жанубий Корея Исроил парламентининг ушбу қонун лойиҳалари юзасидан “чуқур хавотир билдирган”. Шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга мактуб йўллаб, UNRWA фаолиятини тақиқловчи янги қонунга норозилик билдирган.