Россияда ҳарбий рўйхатдан ўтмаган ўзбекистонлик фуқароликдан маҳрум қилинди (видео)
Олам
−
03 Ноябрь
14340Россиянинг Томск шаҳрида асли ўзбекистонлик бўлган Маҳмуджон Мабубзода исмли Россия фуқароси ҳарбий қўмитада рўйхатдан ўтмагани учун фуқароликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Shot” хабар берди.
Қайд этилишича, 30 ёшли Маҳмуджон 28 август куни Россияга қасамёд қилиб, ушбу давлат фуқаролигини олган. Бироқ, икки ҳафта ичида Ҳарбий қўмитада рўйхатдан ўтиш мажбуриятини бажармаган. У буни Ҳарбий қўмита биносидаги узун навбатлар билан изоҳлаган.
Шундан сўнг, уни Россия фуқаролигидан маҳрум қилиб, Ўзбекистонга жўнатилиши ҳақида хабар берилгач, Мабубзода жанжаллашиб, ҳужжатларини отиб юборган. Унга Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш орқали муаммони зудлик билан ҳал қилиш таклиф этилган. Аммо у рад жавобини бериб, чиқиб кетгани таъкидланмоқда. Кейинроқ у ҳужжатларини олиш учун қайтиб келган.
Видеода йигит “Қайтариб олинг фуқароликни, менга бундай фуқаролик керак эмас”, дейди. Миграция бўлими ходими уни фуқароликдан маҳрум этилиши, 5 йил давомида Россияга кириши тақиқланиши ҳақида огоҳлантирган. Мабубзода эса “Шунақа бўла қолсин, ҳаммасига тупурдим”, деб жавоб қайтарган. Ҳарбий қўмита ходими унга муаммони Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш орқали ҳал қилишни таклиф этганида, йигит ҳеч нарса керак эмаслигини билдирган. Ҳарбий ходимнинг “Сиз Россияда яшашни истаган эдингиз-ку?” деган саволига, “Энди ҳаммаси тамом”, дея жавоб қайтарган.
Бундан ташқари, шу куни ҳарбий рўйхатга олинишдан бўйин товлагани учун фуқаролигини йўқотган яна икки нафар: 31 ёшли Шужоат Саидшарипов ва 46 ёшли Назиржон Ҳожибоев ҳам жазоланган. Тожикистоннинг собиқ фуқаролари жазони тинчгина қабул қилган.
2024 йил бошидан буён миграция қонунчилигини бузгани учун 1200 дан ортиқ киши Россия фуқаролигидан маҳрум қилинган. Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцевнинг 30 октябрь куни маълум қилишича, жорий йилда мамлакатдан чиқариб юборилган хорижликлар сони 1,5 баробарга ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Пермь шаҳрида қуролли безориликда айбланган Ўзбекистон фуқароси Ойбек Солиевнинг жиноий иши бўйича суд мажлислари бошланганди. Тергов маълумотларига кўра, у Украинадаги Шимолий ҳарбий округ зонасига учинчи марта кетмоқчи бўлган ва “Защитники Отечества” давлат жамғармасининг маҳаллий бўлимига F-1 пиёдаларга қарши мудофаа гранатасига ўхшаш ўйинчоқ граната билан келган.
LiveБарчаси