Фарғонада бир сайловчига 4 тадан ортиқ бюллетень берган ўқитувчи жазоланди
3-саҳифа
−
30 Октябрь
3679Фарғона вилоятида бир сайловчига 4 тадан ортиқ бюллетень берган мактаб ўқитувчиси жаримага тортилди. QALAMPIR.UZ суд қарори билан танишди.
Қарорда келтирилишича, кеча, 29 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Данғара туман судида фуқаро М.А.га тегишли ҳуқуқбузарлик иши кўрилган. Унга кўра, 38 ёшли аёл М.А. жорий йилнинг 26 августида Данғара туман ҳокими қарори асосида тумандаги 541-сайлов участкасида сайлов комиссияси аъзоси бўлган. У жорий йилнинг 27 октябрь куни ўтказилган сайловда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги”ги низом талабларига риоя қилмай, фуқаро М.М.га бошқалар номидан овоз бериш учун жами 4 тадан ортиқ бўлган сайлов бюллетенларини бериб, сайлов ўтказиш қонунчилиги бузилишига йўл қўйган.
Судда М.А. содир этган ҳуқуқбузарлигига иқрор бўлган ва ҳаракатларидан чин кўнгилдан пушаймонлиги тўғрисида кўрсатма берган. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51 прим 10-моддаси (Сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузиш) билан айбдор деб топилган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида – 375 минг сўм жаримага тортилган.
Жариманинг давлат даромади ҳисобига ундирилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 27 октябрь куни Ўзбекистонда парламент сайлови бўлиб ўтгани ва унда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ғолиб бўлгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси