Қозоғистонда 460 нафар мактаб ўқувчиcи оммавий заҳарланди
Олам
−
09 Сентябрь
4177Қозоғистонда 460 нафар мактаб ўқувчиси оммавий заҳарланди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Ҳолат Манғистов вилоятининг Мунайли тумани Бесшоки қишлоғидаги 8-мактабда қайд этилиб, заҳарланишнинг илк ҳолатлари 6 сентябрь куни кузатилган.
Қайд этилишича, дастлаб 58 нафар жабрланганлар ҳақида хабар берилган, 9 сентябрга келиб эса уларнинг сони 460 нафарга етган. Шундан 377 нафари амбулатор кузатувга юборилган. 83 нафар бола вилоят болалар юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган, иккитаси реанимацияда. Шифокорларнинг сўзларига кўра, барча жабрланганларнинг аҳволи ижобий динамика билан барқарор. Икки нафар бола реанимациядан умумий палатага ўтказилган.
Расмийларга кўра, мактаб ошхонаси муҳрланган ва ёпилган. Болалар тўлиқ соғайиб бўлгач, улар учун қўшимча машғулотлар ташкил этилади. Ҳукумат заҳарланиш аломатлари билан келган барча болалар зарур тиббий ёрдам, жумладан, психологик ёрдам олишини айтган. Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов топшириғига кўра, бир ой муддатда республикадаги барча мактаб ошхоналарида санитария-эпидемиология талабларига риоя этилиши назорат қилинади.
Қозоғистон ички ишлар органлари томонидан заҳарланиш бўйича Жиноят кодексининг 304-моддаси (Санитария қоидалари ёки гигиена меъёрларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўқувчилар овқатдан заҳарланганди. Мазкур мактаб-интернатга аутсорс хизмати кўрсатган хусусий корхона томонидан истеъмолга яроқсиз бўлган маҳсулотлардан сифатсиз озиқ-овқат тайёрланиши оқибатида 33 нафар ўқувчи “Ўткир гастрит” аломатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
LiveБарчаси