Миср Президенти Туркияга йўл олди

Олам

image

Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси бугун, 4 сентябрь куни 12 йил ичида биринчи марта Туркияга боради ва Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашув ўтказади. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.

“Туркия-Миср муносабатлари ҳар томонлама кўриб чиқилади ва келгуси даврда ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича мумкин бўлган қўшма қадамлар муҳокама қилинади”, дейилади Туркия Президентининг алоқа идораси баёнотида.

Қайд этилишича, учрашувда икки томонлама муносабатлардан ташқари, долзарб минтақавий ва глобал муаммолар, айниқса Исроилнинг Ғазо ва босиб олинган Фаластин ҳудудларига ҳужумлари юзасидан фикр алмашилади. Сиси Анқарага маҳаллий вақт билан соат 14:00 да етиб бориши кутилмоқда. Шундан сўнг, 17:00 да қўшма матбуот анжумани ўтказиш режалаштирилган.

Маълумот учун, Анқара ва Қоҳира ўртасидаги муносабатлар 2013 йилда Мисрнинг ўша пайтдаги армия бошлиғи Сиси Муҳаммад Мурсийни ҳокимиятдан ағдарганидан сўнг бузилган эди. Мурсий Туркияга 2012 йилда Президент сифатида ташриф буюрган. Икки давлат ўртасидаги алоқалар 2020 йил Анқара Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Миср билан кескинликни юмшатиш учун ҳаракатларини бошлаганидан сўнг яхши томонга ўзгармоқда.

Туркия ва Миср ўтган йили ўзаро элчиларни қайта тайинлаган ва Анқара Қоҳирани ҳарбий учувчисиз учоқлар билан таъминлашини айтган. Эрдўған Қоҳирада мамлакатлар савдо ҳажмини қисқа муддатда 10 миллиард доллардан 15 миллиард долларга кўтармоқчилигини маълум қилган.

Маълумотларга кўра, икки давлат ўртасида савдо алоқаларини ривожлантириш ва энергия, мудофаа, туризм, соғлиқни сақлаш, маданият ва таълим соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун 20 га яқин шартнома имзоланишини кутилмоқда. Шунингдек, қайта тикланадиган энергия ва суюлтирилган газ бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 12 йил ичида илк расмий ташриф билан Мисрга борганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Миср

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг