Макрон Telegram’дан фаол фойдаланади – “Politico”
Олам
−
27 Август
3858Франция Президенти Эммануэль Макрон Telegram мессенжеридан унинг асосчиси Павел Дуров республикада ҳибсга олинганидан кейин ҳам фаол фойдаланмоқда. Бу ҳақда “Politico” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, илова Франциядаги сиёсий доиралар ва оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Франция Президенти Эммануэль Макроннинг ўзи томонидан” фаол фойдаланилмоқда.
Исми ошкор этилмаган собиқ француз парламентарийси кеча, 26 август куни “Politico” ходимига телефонини кўрсатган, у ерда Макроннинг Telegram’даги ҳолати “яқинда онлайн бўлгани” аниқ бўлди.
Қайд этилишича, Макрон ўзининг биринчи президентлик кампанияси бошланганидан бери мессенжердан фойдаланмоқда.
“Деярли 10 йил ўтган бўлса ҳам, иловадан Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ҳам, барча даражадаги ва партиялар сиёсатчилари, айниқса Макронни қўллаб-қувватловчилар ҳам кенг фойдаланмоқда”, дея таъкидлайди нашр.
Таъкидлаш жоизки, Макроннинг Telegram'дан фойдаланиши ҳақидаги гаплар унинг асосчиси Павел Дуров 24 август куни кечқурун шахсий самолётда қўнганидан кўп ўтмай Париж ташқарисидаги Ле Бурже аэропортида ҳибсга олингани фонида янграмоқда.
"Le Provans"нинг ёзишича, Миллий полициянинг Вояга этмаганлар бошқармаси (OFMIN) Дуровни ҳибсга олиш учун ордер берган ва тергов жандармерия миллий кибер бўлими ва фирибгарликка қарши кураш миллий бюросига топширилган. ОАВ маълумотларига кўра, ордер гумон қилинаётган жиноятлар, жумладан, фирибгарлик, наркотик моддалар савдоси, кибербуллинг, уюшган жиноятчилик, болаларга қарши жиноятлар ва терроризмни тарғиб қилиш бўйича дастлабки тергов доирасида берилган.
Париж прокуратураси баёнотида айтилишича, Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари Telegram асосчиси Павел Дуровни кўплаб кибержиноятларда гумон қилиниб, исми ошкор этилмаган шахсга қарши тергов доирасида сўроқ қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Макрон ҳам Дуров ҳеч қандай сиёсий сабабсиз, суд тергови доирасида ҳибсга олинганини айтганди.
LiveБарчаси