Банк филиали бошқарувчиси Мирзаободга ҳоким бўлди
Жамият
−
27 Август
4565Сирдарё вилояти Мирзаобод туманига Ориф Раҳмонқулов ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 27 август куни халқ депутатлари Мирзаобод тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туманга янги ҳоким тайинланган. Депутатлар вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиевнинг Мирзаобод туманининг олдинги ҳокими Сарвар Султоновни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади.
Вилоят раҳбари туман ҳокими лавозимига тавсия этилган номзод — Ориф Худойбердиевич Раҳмонқуловни таништирди. Вилоят ҳокимининг Ориф Раҳмонқуловни Мирзаобод тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарори депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқланди.
Ориф Рахмонкулов 1983 йилда Жиззах вилояти Бахмал туманида туғилган. 2010 йилда Тошкент молия институтини бакалавр даражасини, 2012 йилда магистратурани тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – бухгалтерия ҳисоби ва аудит.
Меҳнат фаолияти давомида банк соҳасида турли вазифаларда фаолият олиб борган. Мазкур тайинловга қадар “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки Сирдарё вилояти филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, Мирзаобод туманининг олдинги ҳокими Сарвар Султоновни ишдан олиш бўйича Бош вазир Абдулла Ариповнинг таклифи 17 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида қўллаб-қувватланганди. Шу мажлисда ҳокими ишдан олиниши маъқулланган туманларга бирин-кетин янги ҳокимлар тайинланди. Хусусан, 7 август куни Фурқат, Тошкент, Мингбулоқ, Қораўзак, Тахиатош ва Янгиариқ туманлари ҳамда Ғозғон шаҳрига янги ҳокимлар тайинланганди. 8 август куни Гурлан туманига, бугун, 27 августда эса Учқудуқ туманига ҳоким тайинланди.
LiveБарчаси