Флойд Мейвезер мафия бошлиғининг набирасига қарши реванш жангини ўтказди (видео)
Спорт
−
25 Август
19611Америкалик профессионал боксчи, беш вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, 47 ёшли Флойд Мейвезер Мексикада Нью-Йорк мафиясининг бошлиғи бўлган марҳум Жон Готтининг набираси, 31 ёшли Жон Готти III га қарши реванш жангида иштирок этди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
8 раундлик жангда (ҳар бири 2 дақиқадан давом этди) Мейвезер яхшироқ ҳаракат қилган бўлсада, жанг натижаси эълон қилинмади. Бироқ айрим оммавий ахборот воситалари Мейвезер ғалаба қилганини ёзмоқда. “Syudad de Mexico” аренасида ўтказилган жангда кам кузатиладиган ҳодиса рўй берди. Яъни иккинчи раундда ҳакам Флойдни бошнинг орқа қисмига зарба бергани учун огоҳлантирди ва шундан сўнг дарҳол ҳакам бошқа бир ҳакамга алмаштирилди.
Боксчилар ўртасидаги 2023 йилдаги илк жанг оммавий муштлашув билан якунланган. Аниқроғи Мейвезер ва Готти ўртасидаги биринчи жанг 2023 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган ва жангнинг олтинчи раундида рақиблар ҳакамга бўйсунмаган. Ҳакам эса жангни тўхтатган. Кейин Готти Мейвезерга ташланган. Бунинг ортидан ҳар иккала боксчининг секундантлари ҳамда жамоа аъзолари рингга югуриб чиқиб, муштлашган. Тартибсизлик полиция аралашувидан кейингина тўхтатилган. Ҳакам эса жангни ўтказилмаган деб топганди.
Мейвезер 2017 йилда ирландиялик UFC жангчиси Конор Макгрегор билан жангдан сўнг профессионал фаолиятини якунлаган. Америкалик чарм қўлқоп устаси шу вақтгача 50 та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ афсонавий оғир вазн тоифасидаги чемпион Майк Тайсон шов-шувли ижтимоий тармоқ юлдузи Жейк Полни нокаут қилишини айтганди.