Қозоғистонлик боксчи Баҳодир Жалоловни нокаутга учратишини айтди
Спорт
−
22 Август
22877Оғир вазн тоифасидаги қозоғистонлик боксчи Иван Дичко ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Баҳодир Жалоловни нокаутга учратишга ваъда берди. Бу ҳақда “Vesti.kz” хабар берди.
Кеча, 21 август куни америкалик боксчи Крейг Люисн (15-8-1, 8 КО) га қарши рингга кўтарилиб, уни иккинчи раундда нокаутга учратган Иван Дичко ўзбекистонлик боксчи билан профессионал тарзда учрашишга қарши эмаслиги ва уни нокаутга учратишини ваъда берган.
Дичконинг (14-0, 13 КО) менежери Зиё Алиев “Vesti.kz” мухбири билан суҳбатда ўзбекистонлик икки карра Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов (14-0, 14 КО) билан эҳтимолий жанг вақтини маълум қилган.
“Ўйлашимча, Жалолов билан жанг келаси йили бўлиб ўтиши мумкин”, деган Алиев.
Маълумот учун, 2024 йилги Париж ёзги Олимпиада ўйинларининг бокс баҳсларида +92 кг вазнда ўзбекистонлик Баҳодир Жалолов испаниялик Айюб Гадфани мағлуб қилди ва иккинчи маротаба Олимпиада чемпионига айланди. Мусобақа якунида у ҳаваскор спорт фаолиятини якунлаши ва профессионал боксга тўлиқ ўтишини маълум қилди.
Жалолов Париж Олимпиадасидаги ғалабасидан сўнг профессионал боксчиларнинг Олимпия ўйинларидаги иштироки ҳақидаги баҳсли масалага сабаб бўлиб, “WorldBoxingNews” нашри фойдаланувчилари томонидан танқид қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик профессионал боксчилар Баҳодир Жалолов ва Шоҳжаҳон Эргашев Халқаро бокс федерациясининг (IBF) янгиланган рейтингида кучли ўн бешталикни тарк этди. WBC'да эса Баҳодир Жалолов ўтган ойдагидан 2 поғона кўтарилиб, 6-ўриндан жой олди.