Украина Рим статутини ратификация қилди

Олам

image

Украина Олий Радаси бугун, 21 август куни Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг “Овоз” партияси депутати Ярослав Железняк ўзининг Теlegram-каналида маълум қилди.

Тегишли қонун лойиҳасини 281 нафар депутат ёқлаб овоз берган, фақат бир нафари қарши овоз берган. 22 нафар депутат эса бетараф қолган.

“Гап ратификация ҳақида кетаётганлиги сабабли, бу тартиб Радада иккинчи ўқишга муҳтож эмас”, дея ёзган “РБК-Украина” нашри.

Железнякнинг сўзларига кўра, кўриб чиқиш жараёнида парламентда жуда қийин муҳокама бўлган. Бундан ташқари, овоз беришдан олдин халқ депутатларига Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановнинг қўллаб-қувватлаш хатлари топширилган.

Халқаро жиноий суднинг Рим статути ушбу судни ташкил этган халқаро шартномадир. У суднинг фаолиятини, шунингдек, унинг юрисдикциясига кирадиган жиноятларни белгилайди. Булар, хусусан, босқинчилик, геноцид, уруш ҳамда инсониятга қарши жиноятлардир.

Президент девони раҳбари ўринбосари Ирина Мудраянинг таъкидлашича, Украинанинг Рим низомини ратификация қилиши унга ХЖСга тўлиқ аъзо бўлиш имконини беради.

Маълумот учун, Украина 2000 йил 20 январда Рим статутини имзолаган, аммо уни ратификация қилмаган. 2014 йилда ЕИ билан Ассоциация шартномасини имзолаганидан кейин ушбу ҳужжатни ратификация қилиш Украинанинг бевосита халқаро мажбуриятларидан бири бўлган. Жорий йилнинг 15 август куни Президент Владимир Зеленский Олий Радага Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилиш ва унга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этган эди. 

2023 йилнинг 17 март куни ХЖС Россия Президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берганди. Улар Россия кучлари томонидан босиб олинган Украина ҳудудидан болаларни ноқонуний депортация қилишда айбланди. Рим статутини ратификация қилган давлатлар агар Путин уларнинг ҳудудига қадам босса, Россия Президентини ҳибсга олиш мажбуриятини олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина парламенти мамлакатда Рус православ черкови фаолиятини тақиқлагани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Рим статути Ярослав Железняк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг