Сайёранинг энг кекса инсони вафот этди
Олам
−
20 Август
24288Дунёдаги энг кекса инсон Мария Бранас Морера 117 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Британиянинг “Daily Mail” нашри хабар берди.
“Мария Бранас бизни тарк этди. У ўзи хоҳлаган тарзда вафот этди: уйқусида, тинч ва оғриқсиз. Биз доимо уни насиҳатлари ва меҳрибонлиги учун эслаймиз”, деб ёзади унинг оиласи Х’да.
Сан-Франсискода туғилган Мария Бранас Морера сўнгги йигирма йил давомида Испаниянинг шимоли-шарқидаги Олот шаҳрининг Санта Мария дел Тура қариялар уйида яшаган ва март ойида ўзининг 117 ёшини нишонлаган. Атрофдагилар унинг руҳий ва жисмоний соғлиғига қойил қолишган, бироқ бир кун олдин у ижтимоий тармоқдаги обуначиларини ўзини заиф ҳис қилаётганидан огоҳлантирган.
“Вақт яқин. Йиғламанг, мен кўз ёшларни ёқтирмайман. Ва энг муҳими, мен учун азоб чекманг. Қаерга борсам ҳам бахтли бўламан”, деб ёзади у оиласи томонидан бошқариладиган аккаунтда.
У иккита Жаҳон урушидан, испан гриппи пандемияси, Испания фуқаролар уруши ва COVID-19 пандемиясидан омон қолди. Унинг турмуш ўртоғи 46 йил олдин, 71 ёшида вафот этган. Уларнинг уч фарзанди, 11 невараси ва 13 эвараси бор. Мария ўзининг узоқ умр кўришини тартиб, хотиржамлик ва “заҳарли” одамлар билан алоқа қилмаслик билан боғлаган.
Маълумот учун, 2023 йил январь ойида француз роҳибаси Люсил Рандон 118 ёшида вафот этганидан кейин Гиннеснинг рекордлар китоби Мария Бранас Морерани дунёдаги энг кекса одам сифатида расман тан олган. Ер юзида яшаган энг кекса одам унвони француз аёли Жан Луиза Калментга тегишли бўлиб, унинг ҳаёти 122 йил 164 кун давом этган.
LiveБарчаси