Белгородда федерал фавқулодда ҳолат режими жорий этилди
Олам
−
15 Август
5744Россиянинг Белгород вилоятида ҳам федерал даражадаги фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда вилоят раҳбари Вячеслав Гладков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бундай қарор Фавқулодда вазиятлар вазири Александр Куренков бошчилигидаги ҳукумат комиссияси йиғилишида қабул қилинган. У минтақадаги вазиятни мураккаб ва кескин деб топган.
“Вилоятда жабрланган аҳолига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар ташкил этилган, бироқ содир бўлаётган ишлар кўлами минтақага ҳозирги фавқулодда вазият оқибатларини мустақил равишда бартараф этишга имкон бермайди”, дейди Куренков.
У федерал фавқулодда режим жорий этилиши муносабати билан озиқ-овқат ва энг зарур товарлар нархи ошишининг олдини олишга чақирди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги федерал даражадаги фавқулодда вазият режимини жорий этиш орқали минтақанинг жабрланган аҳолисига моддий ёрдам ташкил қилинганини ҳам эслатди. Бир марталик моддий ёрдам миқдори 15 минг рублни ташкил қилади. Мулк қисман йўқолган тақдирда 75 минг, тўлиқ йўқолган тақдирда – 150 минг рубль тўланади.
Ҳалок бўлганларнинг яқинларига 1,5 миллион рубль тўланади. Соғлиғига ўртача ёки оғир зарар етказилган жабрланувчилар учун товон пули миқдори 600 минг рублни ташкил қилади. Соғлиғига енгил зарар етказилган ҳолларда тўлов миқдори 300 минг рублни ташкил қилади.
“Белгород вилоятидаги вазият Украина Қуролли кучлари Курск вилоятига бостириб кирганидан кейин янада ёмонлашди. Хусусан, чегарадош шаҳар ва қишлоқларни ўққа тутиш кучайган, Красноярск ўлкаси чегарасида душман ҳаракати кузатилган”, дейди вилоят раҳбари.
6 дан 12 августгача бўлган ҳафта давомида Америка урушни ўрганиш институти ҳисоб-китобларига кўра, Украина кучлари Россия ҳудуди Курск вилоятида 800 квадрат километр майдонни назоратга олишга муваффақ бўлган. Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирскийнинг сўзларига кўра, 12 август ҳолатига кўра, босиб олинган ҳудуд 1000 квадрат километрга етган. Украина кучлари назорати остидаги аҳоли пунктлари сони эса 70 дан ошди.
LiveБарчаси
26 Ноябрь