Исроил Ғазодаги яна бир мактабга ҳужум қилди. Қурбонлар бор
Олам
−
27 Июль
3814Бугун, 27 июль куни Исроил қўшинларининг Ғазо марказидаги Дайр ал-Баладаги мактабга берган зарбаси оқибатида камида 30 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларига таяниб, “Arab News” хабар берди.
Энг кўп кўчирилган оилалар яшовчи Дайр ал-Баладаги мактабга қилинган зарбада яна 100 дан ортиқ киши жароҳат олган. Қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.
Исроил Мудофаа вазирлиги эса, аксинча, ҲАМАС гуруҳига тегишли қўмондонлик марказига зарба берганини билдирди.
“Ғазо марказидаги Ҳадича мактаби мажмуаси ичидаги ҲАМАС қўмондонлик ва назорат маркази нишонга олинди”, дейилган Исроил ҳарбийларининг баёнотида.
Исроил Мудофаа вазирлигининг иддао қилишича, ҳарбийлар қарши ҳужум уюштиришда мактабдан қурол омбори сифатида фойдаланган ва зарба беришдан олдин бу бўйича тинч аҳоли огоҳлантирилган.
Дайр ал-Баладаги Ал-Ақсо шифохонасида тез ёрдам машиналари яраланган фаластинликларни тиббий муассасага олиб борган. Баъзи ярадорлар эса кийимлари қонга бўялган ҳолда шифохонага пиёда етиб келган.
Ғазо соғлиқни сақлаш органларига кўра, шу пайтгача анклавда Исроилнинг зарбалари оқибатида 39 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.
Исроилнинг авиация қўшинлари жорий йилнинг июль ойи ўрталарида Дайр ал-Бала шаҳридаги уйлардан бирига зарба бериши оқибатида икки киши ҳалок бўлганди. Ғазо секторининг марказий қисмидаги “Нусайрат” қочқинлар лагерининг шимолий ҳудудлари ҳам Исроил артиллерияси томонидан ўққа тутилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил қўшинлари АҚШ ҳамда Буюк Британия билан биргаликда Яманнинг Ходейда порт шаҳридаги ёқилғи омборларига ҳужум қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, фаластинликлар яширинган Хон Юнусдаги мактабга қилинган Исроил ҳужумида ҳам кўплаб болалар қурбон бўлганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь