Тошкентда бемор ва унинг икки дўсти шифокорларни дўппослади
3-саҳифа
−
27 Июль
7509Бугун, 27 июль куни Тошкент шаҳрида 27 ёшли бемор ва унинг дўстлари шифокорларни дўппослади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, бугун соат тахминан 07:20 ларда 1-сон шаҳар клиник шифохонаси қабул бўлимига 1997 йилда туғилган фуқаро Б.И. икки нафар ўртоғи – П.И. ва С.Б.лар ҳамроҳлигида олиб келинган.
Бемор зудлик билан навбатчи травматолог-шифокор А.А. томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган. Дастлабки текширув давомида унга “иккала қўл-билак соҳалари, кўкрак қафаси ва қорин олди деворининг кўплаб кесилган жароҳатлари, геморрагик шок 2-3-даража“ ташхиси қўйилган.
Шунингдек, беморнинг ҳолати оғир, шок ҳолатида дея баҳоланиб, зудлик билан қон тўхтатиш ва шокка қарши биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ҳамда қўшма шикастланишлар шошилинч бўлимининг микрохирургия ўрнига госпитализация қилинган. Танадаги кўплаб кесилган жароҳатлар инобатга олиниб, у дарҳол хирургик амалиёт ўтказиш мақсадида микрохирургия операция хонасига олиб кирилган. Хирургик амалиётга тайёрлаш вақтида бемор шифокор-микрохирург М.Х.га жиддий қаршилик кўрсата бошлаган ва тиббиёт ходимига тарсаки тушириб, уни ҳақорат қилган ва операцион столдан тушиб, шифокорни қаттиқ дўппослай бошлаган.
Шундан кейин шифокор М.Х. ички ишлар органларига қўнғироқ қилиб, вазият юзасидан навбатчи қисмга маълумот берган. Сўнг шифокор М.Х. беморнинг ўртоқлари – П.И. ва С.Б.лар томонидан ҳам калтакланган. Шу вақтда шошилинч хирургия бўлимининг навбатчи шифокори Ҳ.У. беморга хирургик амалиётни бажариш учун операцион блокка келган. П.И. ва С.Б.лар бу тиббиёт ходимини ҳам аёвсиз дўппослаб, унга жиддий тан жароҳати етказган.
Оқибатда шифокор ҳушидан кетиб, карахтлик-кома ҳолатига тушган ва зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган. Ўтказилган дастлабки тиббий текширувлар давомида жабрланувчи шифокорга “Бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия лат ейиши ўрта даражаси. 3-бел умуртқаси чап ён қанотининг ёпиқ синиши. Бош пешона қисми терисининг шилинган жароҳати. Ўнг томонлама лаб бурчагининг ёрилиши” ташхиси қўйилиб, шошилинч реанимацион чора-тадбирлар кўрилган.
Ўтказилган даво муолажалари натижасида шифокорнинг ҳолати бироз ижобий томонга ўзгариб, ҳушига келган ва шок ҳолатидан чиқарилган. Аммо унда ҳали ҳам карахтлик мавжуд. Шу боис даво муолажалари жонлантириш бўлимида давом эттирилмоқда.
Иккинчи шифокор М.Х.нинг ҳолати ҳозир нисбатан қониқарли, лекин олган бош мия жароҳати ва руҳий ҳолати кескин ёмонлашгани инобатга олиниб, шифохонанинг қўшма жароҳатлар бўлими травматология қисмига госпитализация қилинган ва керакли тиббий муолажалар кўрсатиляпти.
“Айни пайтда мазкур ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинган. Шунингдек, ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида 26 ёшли йигит чақирув бўйича келган тез тиббий ёрдам шифокорини калтаклаганди.