Қашқадарёда 15 яшар қизни жинсий қулликда сақлаган аёлга суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
10 Июль
11138Қашқадарё вилоятида вояга етмаган қизни ўз уйида сақлаб, уни жинсий алоқа қилишга жалб қилган аёл қамалди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судида 2009 йилда туғилган вояга етмаган қизга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар юзасидан ёпиқ тарздаги суд муҳокамаси бўлиб ўтган. Жорий йилнинг 8 апрель куни суд судланувчиларни айбли деб топган.
Жумладан, судланувчи аёл Н.А. Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисмининг “а”,“г” бандлари (Одам савдоси) ҳамда 127- моддасининг 3-қисми (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Шунингдек, судланувчилар A.Ф. (эркак) ва Ш.У. (эркак) Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисмининг “а” банди (Номусга тегиш), 135-моддаси 3-қисмининг “а“,“г” бандлари (Одам савдоси), 127-моддасининг 3-қисми (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан айбли деб топилиб, уларга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган.
Мазкур ҳукм юзасидан судланувчилар томонидан апелляция тартибида берилган шикоят Қашқадарё вилояти суди апелляция тартибида кўриб чиқилган ва биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
“Вояга етмаган жабрланувчи Ч.T.га жиноят иши юритуви давомида ва ҳозирда Болалар омбудсмани ва тегишли ташкилотлар томонидан зарур бўлган барча ижтимоий ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Шаҳрисабз тумани Хўжабоғ қишлоғида яшовчи Н.А. 15 ёшли қизни ўзининг уйида 7 ой давомида ( 2023 йилнинг май ойидан 15 ноябрь кунига қадар) мажбуран сақлаб, зўрлик ва таҳдид орқали уни турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада пул беришни ваъда қилиб, ўсмир билан жинсий алоқа қилган йигит ушланганди.