ИИВ вафот этган фуқаронинг оила аъзоларига таъзия билдирди

3-саҳифа

image

Ички ишлар вазирлиги ИИБ ходимлари калтаклаши оқибатида вафот этгани айтилаётган фуқаронинг оила аъзоларига таъзия билдирди. 

Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовнинг қайд этишича, ҳозирда воқеа содир бўлган жойларда мавжуд бўлган барча видеоёзувлар олинган бўлиб, гувоҳлар ҳамда воқеа иштирокчиларининг кўрсатмалари текширилмоқда, тегишли судга оид экспертизалар тайинланган.

“Ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳолатда одам вафот этиши, юзага келган вазиятдан қатъи назар фавқулодда ҳолат сифатида кўрилади ва воқеанинг барча иштирокчиларини, шу жумладан ҳар бир ходимнинг ҳаракатлари синчковлик билан, тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланади. Шу ўринда, Ички ишлар вазирлиги ва шахсий таркиби номидан вафот этган фуқаронинг яқинларига чуқур таъзия билдиришимизни маълум қиламиз”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, жорий йилнинг 19 июнь куни Бекобод шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е”, “к”, “л” бандлари билан айбланувчи 33 ёшли фуқаро Х.Ю.га нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган. Мазкур жиноят ишини кўриш жараёнида, айбланувчи Х.Ю.нинг акалари 1981 йилда туғилган Д.Ю. ва 1978 йилда туғилган Д.Ю. укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганидан норози бўлиб, суд залида жанжал кўтаргани учун жамоат тартиби бузилиши юзага келган.

Ушбу ҳолатда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган. Чақирувга асосан етиб келган уч нафар ИИБ профилактика инспекторлари томонидан жанжал бартараф қилиниб, ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган.

ИИБ биносига кириш йўлагида, фуқаро Д.Ю. соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотган.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, ходимлар фуқарони хизмат автомашинасида шаҳар шифохонасига олиб борган. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган вақтида Д.Ю. вафот этгани аниқланган. 

“Ҳозирда фуқаронинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олиниб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра қўшимча ахборот берилади”, дейилади ИИББ хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ таъзия фуқаро ходимлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг