Мирзиёев ўқитувчилар ойлигини оширишни айтди
Жамият
−
19 Июнь
27627
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 19 июнь куни мактабгача ва мактаб таълими сифатини ошириш, педагоглар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унда Давлат раҳбари мактабларда билимли ва изланувчан педагоглар кўпайишини доимий рағбатлантириш зарурлигини айтиб, 2025 йилнинг сентябрь ойидан олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчиларнинг ойлик маошини ошириш таклифини берди.
Шунингдек, аттестациядан ўтолмаган, тажрибаси етарли бўлмаган ўқитувчилар учун алоҳида дастур ишлаб чиқиб, малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Президент мактаби тажрибаси асосида, Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида боғча ва мактабларнинг раҳбар ҳамда педагогларини ҳар 5 йилда малакасини ошириш тизими йўлга қўйилиши ҳам белгиланди. Шу билан бирга, ҳудудлардаги 11 та педагогика коллежини Малака ошириш марказлари тасарруфига ўтказиб, хориждан тренерларни жалб этиш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, Президент мактаби баҳолаш тизими янги ўқув йилидан яна 1 мингта мактабда қўллана бошлайди. Уларга 182 та ихтисослашган ҳамда 500 та тажрибадан ўтган мактаб бириктирилади.