Макрон Франция парламентини тарқатиб юборди
Олам
−
10 Июнь
4078Францияда Европарламент сайловларида марказчи лагер мағлубиятга учрагач, мамлакат Президенти Эммануэль Макрон парламент қуйи палатасини тарқатиб юборди. Бу ҳақда у кеча, 9 июнь куни кечқурун маълум қилди.
“Мен ҳеч нарса бўлмагандек ҳаракат қила олмайман. Мен Миллий Ассамблеяни тарқатиб юбораман. Францияда навбатдан ташқари парламент сайловлари 30 июнда, иккинчи тур 7 июлда бўлиб ўтади”, дейди Макрон.
Президент бу билан францияликларга парламент келажагини сайловлар орқали ҳал қилиш ҳуқуқини бериш ниятида эканини айтди.
Қайд этиш жоизки, Марин Ле Пен томонидан асос солинган ўнгчиларнинг “Миллий бирлик” партияси Францияда Европарламент сайловларида ғалаба қозонди. Экзит-полл натижаларига кўра, у 32 фоизга яқин овоз тўплаган, ҳукмрон “Ренессанс” партияси еса 15 фоизга яқин овоз тўплаган. Учинчи ўринни тахминан 14% натижа билан Франция социалистик партияси эгаллаши тахмин қилинган.
“Агар французлар бўлажак парламент сайловларида бизга ишонч билдирса, биз ҳокимият тепасига келишга тайёрмиз”, деди Марин Ле Пен Елисей саройининг қарорини олқишлаб.
Маълумот учун, 2024-2029 йиллар учун Европарламентга сайловлар 6-9 июнь кунлари Европа Иттифоқининг барча давлатларида бўлиб ўтди. Овоз бериш ҳар бир давлатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ амалга оширилди. Нидерландия 6 июнда, Ирландия ва Чехия 7 июнда, Италия, Латвия, Мальта, Словакия 8 июнда, кўпчилик ҳамжамият мамлакатлари 9 июнда овоз беришган.
2024 йилда европалик депутатлар сони 705 дан 720 гача кенгайтирилади. Бу сайловда илк бор Европарламент сайловларида 705 ўрнига 720 депутат сайланди. Тақсимлаш мамлакатлар аҳолисини ҳисобга олади. Кучли бешликка Германия – 96, Франция – 81, Италия – 76, Испания – 61, Польша – 53.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Европа Комиссиясининг амалдаги раҳбари Урсула фон дер Ляйен аъзо бўлган Европа халқ партияси (EPP) Европа парламентига сайловларда биринчи ўринни эгаллагани айтилганди.
Шаҳноза Ҳалилова