Путин Ўзбекистонга келяпти
Жамият
−
21 Май
25557Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистонга келяпти. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Россия раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи жорий йилнинг 26 майига режалаштирилгани айтилмоқда. Пойтахт Тошкент бўйлаб олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари ҳам шундан дарак бермоқда. Ташриф баҳонаси маълум эмас. Ҳозирча Расмий Москва ва Тошкент Путиннинг ташрифи ҳақида маълумот бергани йўқ.
QALAMPIR.UZ ташриф амалга оширилиши ҳақидаги хабарни тасдиқлатиш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Вазирлик масъуллари буни аниқлаштириб, сўнг алоқага чиқишларини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 21 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Телефон суҳбати ҳақида икки давлат раҳбарлари матбуот хизмати тарқатган хабарларда ҳам ташриф борасида сўз бормаган.
Шавкат Мирзиёев сўнгги бор жорий йилнинг 8-9 май кунлари амалий ташриф билан Россияда бўлган эди. Сўнгги расмий ташрифни эса 2023 йилнинг 5-7 октябрь кунлари амалга оширган. Ўшанда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Россия Президенти Владимир Путин билан биргаликда Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга табиий газ етказиб берилишига старт берилган.
Владимир Путин эса охирги марта Ўзбекистонга 2022 йилнинг 15 сентябрь куни келган эди. Ўшанда ушбу ташриф ҳам амалий (ШҲТ саммити доирасида), ҳам расмий кўриниш касб этганди. Президентлар Ўзбекистон билан Россия ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолаган.
Маълумот учун, 15-17 март кунлари бўлиб ўтган Россия Президенти сайловида иштирок этган Путин 87,28 фоиз овоз олиб, ғалаба қилди ва яна олти йил – 2030 йилгача тахтни эгаллади. Инаугурация маросимидан кейин илк ташрифни Хитой Халқ Республикасига амалга оширган Путин, иккинчи манзил ўлароқ Ўзбекистонни танлади.