БАА ва Жазоир дипломатик алоқаларини узди. Бу урушнинг бошланишими?

Review

Reklama
0:00

Жазоирнинг сабр косаси тўлди. 10 сентябрь куни Жазоир Бирлашган Араб Амирликлари билан дипломатик алоқаларни узганини эълон қилди. Абу-Даби эса қарор вақтинчалик бўлишига умид қилмоқда. Хўш, икки мусулмон давлат, қўшимчасига бир-биридан 5000 кмдан ортиқ узоқликда жойлашган, на мафкуравий зиддият ва на чегаравий муаммо, ҳеч бири етиб бора олмайдиган масофа. Унда нима сабаб бўлдики, бу икки давлат орасидан “қора мушук ўтди”, қандай сабаб борки, келишмовчиликлар дипломатик алоқаларни узиш даражасига етиб келди?

Алоқалар узилди

Қизил чизиқ босиб ўтилди. 10 сентябрь куни Жазоир БАА билан дипломатик алоқаларни узганини эълон қилди. Жазоир ҳукумати бу қарорни Абу-Дабининг “провокацион ва душманона” ҳаракатлари билан изоҳлади, бироқ айнан қайси ҳаракат якуний қарорга сабаб бўлганини очиқламади. Жазоир Ташқи ишлар вазирлиги икки томонлама муносабатларни сақлаб қолиш учун мавжуд барча имкониятлардан фойдаланилганини, бироқ энди уларнинг “тугаганини” билдирди.

“Жазоир Амирликлар томонини тўхтатиб қолиш учун барча чораларни кўрди ва уни ушбу афсусланарли ҳамда ҳеч қандай сабабсиз хатти-ҳаракатларнинг ўта оғир оқибатларидан огоҳлантирди”, дейилади Жазоир Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Қарор билан бирга БААнинг Жазоирдаги элчисига мамлакатни тарк этиш учун 48 соат вақт берилди. Шу тариқа икки давлат ўртасидаги расмий дипломатик алоқа амалда тўхтатилди.

Бундан ташқари, 11 сентябрдан бошлаб БААда рўйхатдан ўтган фуқаролик ва ҳарбий самолётлар учун Жазоир ҳаво ҳудуди ёпилди. Яъни Абу-Дабида рўйхатдан ўтган самолётлар Жазоир ҳудудидан фойдалана олмайди. Бироқ йўловчи ташувчи тижорий рейслар учун вақтинчалик истисно белгиланди: БААнинг Жазоирга ва Жазоирдан амалга ошириладиган тижорий парвозлари амалдаги келишув муддати тугайдиган 2026 йил охиригача давом этиши мумкин.

БАА эса Жазоирнинг қарорига кескин қарши чоралар билан жавоб бермади. Абу-Даби Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик алоқаларнинг узилганидан афсусдалигини билдирди ва бу ҳолат вақтинчалик бўлишига умид қилаётганини маълум қилди. Вазирлик икки халқ ўртасидаги алоқалар ва умумий манфаатларни сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлади.

Аммо собиқ Федерал Миллий Кенгаш вазири ҳамда айни пайтдаги БАА Президентининг дипломатик маслаҳатчиси Анвар Муҳаммад Гаргаш ўзининг X саҳифасида анчайин кескин муносабат билдирди.

“Дипломатик муносабатлар топишмоқлар ва шифрлашни талаб қилувчи ишоралар орқали эмас, балки ақл-идрок, мулоқот ва манфаатлар аниқлиги орқали бошқарилади; шунингдек, улар ички тартибсизлик ёки манфаатларни тушунтириш ва устувор йўналишларни белгилай олмаслик гаровига айланиб қолиши мумкин эмас”, деб ёзади у.

Шунингдек, у Жазоирнинг бу ҳаракатини ноаниқ сабаблар ортидан қилинган ҳаракат деб баҳолади ва дипломатик алоқаларни узилишига арзигулик сабаб йўқлигини айтган.

Аммо Жазоир томон бундай ўйламаяпти. Мамлакат ОАВларида БААнинг хатти-ҳаракатлари энди тоқат қилиб бўлмайдиган даражага етгани айтилмоқда. Хўш, нима бўлдики икки давлат ўртасида муносабатлар бу даражага келди? Жазоир томони рўкач қилаётган муаммолар нималар?

Низонинг илдизи

Жазоир ва БАА ўртасидаги дипломатик узилишнинг ортида битта можаро ёки битта қарор турибди, дейиш қийин. Аксинча, икки давлатнинг Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Саҳелдаги қарашлари йиллар давомида бир-биридан узоқлашиб борди. Охир-оқибат, турли масалаларда йиғилган келишмовчиликлар дипломатик алоқаларни узишгача етиб келди.

Муносабатларга дарз кетишига асосий сабаблардан бири – Ғарбий Саҳро. Бу ҳудуд ўнлаб йиллардан бери Марокаш ва Полисарио фронти ўртасидаги низонинг марказида турибди. 1973 йилда Ғарбий Саҳро ҳудудини ўша пайтдаги Испания мустамлакачилигидан озод қилиш мақсади билан тузилган ташкилот, кейинчалик испан жангчилари минтақани тарк этгач, қўшин киритган Марокаш ва Мавританияга қарши курашишни бошлаган. 1979 йилда Мавритания ҳудудга бўлган даъвосидан воз кечиб, Полисарио билан шартнома имзолади, бироқ Марокаш барча ҳудудлар устидан назорат ўрнатиш ниятидан қайтмай келмоқда.

Жазоир ҳам ўзининг минтақавий рақиби Марокашнинг таъсирини пасайтириш учун Полисарио фронтини қўллаб-қувватлайди ва Ғарбий Саҳро халқининг мустақиллик истагини ёқлайди. Аммо БАА, аксинча, Работнинг ҳудуд устидан суверенитет даъвосини тан олади ва баҳсли ҳудудда консуллик ҳам очган. Бу эса Жазоир манфаатларига зид ҳаракат деб баҳолаб келинмоқда.

Ўртадаги кескинликнинг яна бир сабаби Исроил масаласидир. Жазоир Тел-Авив билан дипломатик муносабатларни нормаллаштиришга қарши позицияда туради. БАА эса 2020 йилда АҚШ воситачилигидаги Иброҳим келишувлари орқали Исроил билан муносабатларни ўрнатди ва кейинчалик иқтисодий, дипломатик ҳамда мудофаа соҳаларидаги алоқаларини ривожлантирди. Марокаш ҳам худди шу жараёнда Исроил билан муносабатларини тиклаган. Натижада Жазоир назарида Абу-Даби ва Работ нафақат стратегик рақиб, балки “Ғазода геноцид” содир этаётган давлатнинг иттифоқчисидир. Аҳолиси деярли тўлиқ мусулмон бўлган ушбу уч давлатда Ғазо масаласига турлича ёндашилаётгани ўртада кескинликнинг мафкуравий даражага чиқишига сабаб бўлмоқда.

Аммо можаронинг энг мураккаб қисми чўл ҳудудларидаги низоларга бориб тақалади. Саҳел – яъни Саҳрои Кабирнинг жанубидаги улкан минтақа Жазоирнинг Мали ва Нигер билан чегараларидан ўтади. Шу сабабли Саҳелдаги ҳарбий тўнтаришлар, радикал террорчи гуруҳлар ҳамда ноқонуний қурол ва одам савдоси Жазоир учун тўғридан-тўғри хавф туғдиради. Мали эса айнан шундай муаммоли ҳудудлардан бири.

2012 йилда Малининг шимолида туарег айирмачилари қўзғолон кўтариб, мустақиллик эълон қилади. Кейинчалик бу ҳудудни турли радикал гуруҳлар эгаллай бошлади. Ўз навбатида, бу Жазоир чегаралари атрофидаги хавфсизликка дахл қила бошлади ва шу сабабли мамлакат можарога расман аралашади. Жазоир воситачилигида БМТ, Африка Иттифоқи ва халқаро ҳамжамият иштирокида ўтказилган узоқ муддатли музокаралардан сўнг 2015 йилда Жазоир Битими имзоланади. Битимга кўра, Малининг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолган ҳолда, шимолий вилоятларга кенг мухторият ва ўз-ўзини бошқариш ҳуқуқи берилади. Туарег исёнчилари эса қуролсизлантирилади.

Аммо 2020–2021 йилларда бўлиб ўтган ҳарбий тўнтаришлар натижасида Малида полковник Ассими Гоита бошчилигидаги ҳарбий хунта ҳокимиятни эгаллади. Хунта туареглар билан мулоқот қилиш ўрнига, шимолий ҳудудларни тўлиқ ҳарбий куч билан назоратга олиш стратегиясини танлади. Натижада вазият янада кескинлашди.

Жазоир эса БАА Малидаги янги ҳарбий хунтага ва уларни қўллаб-қувватлаётган кучларга молиявий ҳамда логистик ёрдам кўрсатиб келаётганини, бу эса Жазоир чегарасида уруш алангасини кучайтираётганини даъво қилиб келади.

Қизиғи, Жазоирнинг хавотирлари асоссиз эмас. Сўнгги йилларда БАА ва Мали ўртасида ҳарбий соҳада яқин алоқалар ўрнатилмоқда. Мали ҳарбий хунтаси БААда ишлаб чиқарилган ёки у орқали етказиб берилган зирҳли машиналар, жумладан, “Streit Group” компаниясининг “Typhoon” ва “Spartan” зирҳли автомобиллари ҳамда учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олган.

Бундан ташқари, “The Sentry” ташкилотининг Африкадаги урушлар, олтин контрабандаси ва ноқонуний молиявий оқимлар бўйича катта ҳисоботида Мали ва Марказий Африка Республикасидаги олтин ресурсларининг Абу-Даби орқали сотилиши ва бу маблағлар хунтани молиялаштиришга хизмат қилаётгани батафсил кўрсатилган. Бу эса Жазоирнинг айбловлари асоссиз эмаслигини кўрсатади.

Шунингдек, Жазоирнинг шарқий чегарасида жойлашган Ливиядаги тартибсизликларга ҳам БААнинг алоқадорлиги кўплаб халқаро манбаларда қайд этилган. Маълумотларга кўра, Абу-Даби генерал Халифа Ҳафтар қўмондонлиги остидаги Ливия Миллий Армиясини ҳам ҳарбий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келади. БАА БМТ эмбаргосини бузган ҳолда Хитойда ишлаб чиқарилган “Wing Loong II” зарба берувчи дронларини, Амирликларнинг “Pantsir-S1” ҳаво мудофааси тизимларини, зирҳли автомобиллар ва ўқ-дориларни етказиб бергани ҳақида маълумотлар бор. Жазоир эса Триполидаги расмий тан олинган амалдаги ҳукуматни ёқлайди ва бу муносабатларни кескинлаштиради.

Жазоир Президенти Абделмажид Теббун ҳам БААнинг Африка минтақасида келтириб чиқараётган тартибсизликлари ҳақида бир неча бор кескин муносабат билдирган. Ҳатто у БААнинг халқаро ва минтақавий сиёсатдаги таъсирига баҳо берар экан, уни камситувчи иборалар билан, жумладан, “митти давлат” номи билан бир неча бор тилга олган.

“Минтақада қаерда бўлмасин – Мали, Ливия ёки Суданда низо ва нифоқ бўлса, у ерда ўша давлатнинг пуллари бор... Биз унинг номини айтмаймиз, лекин биз буюк давлатларга ҳам йўл қўймаган ишларни ушбу кичик давлат амалга оширишига йўл қўймаймиз”, дейди у.

Шунингдек, у БААнинг Саҳелдаги ҳаракатлари ҳақида гапирар экан, “Улар қаерга оёқ босса, ўша ердан қон оқади. Биз мамлакатимизда ва атрофимизда қон оқмаслиги учун уларнинг биздан узоқроқ юришини хоҳлаймиз”, дейди.

Манашу фонда икки давлат ўртасидаги низо аллақачон яширин рақобат ёки дипломатик ишоралар босқичидан ўтиб кетганини кўриш мумкин. Бугун икки давлат ўртасида алоқаларнинг узилиши узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган зиддиятларнинг мевасидир. Ўртадаги 5000 кмдан ортиқ масофа эса манфаатлар тўқнашуви келиб чиқишига тўсқинлик қила олмади. Ким айбдор ёки ким ҳақ эканини ҳукм қилиш бизнинг қўлимизда эмас, ҳар икки томоннинг ҳам ўзига яраша ҳақиқатлари бор. Сиёсат эса доим ҳам “тоза қўллар” билан ўйналадиган ўйин эмас.


Author

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends