Жазо муқаррар. Боғча тарбияланувчисининг ўлимига сабаб бўлган шахс қамалди

Review

−

Reklama
0:00

Наманганда 5 яшар қизга нисбатан зўравонлик бўйича суд бошланади

Жорий йилнинг сентябрь ойида Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақидаги хабарлар ОАВ ларида тарқалган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноятни содир этишда гумонланаётган шахс процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган эди. Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева қизчани зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини маълум қилган.

Орадан 2 ой ўтгач 5 ёшли қизга нисбатан содир этилган жиноят бўйича қўзғатилган иш 2026 йилнинг 18 ноябрь куни судда кўриб чиқиладиган бўлди. Маълум қилинишича, мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг иш юритувига келиб тушган. Жабрланувчи вояга етмаган шахс бўлгани учун суд муҳокамаси ёпиқ тарзда ўтказилади. Суд жараёни якунланганидан сўнг иш бўйича қўшимча маълумотлар қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этилиши маълум қилинган. 

Боғча боласининг ўлимига сабаб бўлган шахс қамалди

Наманганда тарбияланувчи билан содир бўлган мудҳиш воқеа юзасидан суд иши бошланган бўлса, Қашқадарёда 3 яшар боғча боласининг ўлимига сабаб бўлган шахс қамалди.

Жорий йилнинг июнь ойида вилоятнинг Қамаши туманида хусусий боғча тарбияланувчиси бўлган қизалоқ машина ичида қолиб, вафот этган эди.

Маълум бўлишича, судланувчи отасининг номига расмийлаштирилган оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасини норасмий равишда бошқарган. У жорий йилнинг 4 июнь куни эрталаб автомашинада тарбияланувчиларни боғчага олиб келган. Автомобилдан болаларни тушириш жараёнида уларнинг ҳаммаси тушганини текширмасдан, 2023 йилда туғилган қизчани машина ичида қолдириб, эшикларни қулфлаб кетган.

Қизча машина ичида қолиб кетиши оқибатида ҳаво ҳарорати юқори бўлган ёпиқ муҳитда нафас ололмай вафот этган. Суд-тиббий экспертизасига кўра, ўлимга юқори ҳарорат таъсирида ривожланган ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлган.

Шунингдек, судланувчи боғчада аслида ишламаган шахсларни сохта ҳужжатлар орқали расмийлаштириб, бюджетдан ажратилган 26 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирганликда ҳам айбли деб топилган. Суд жараёнида етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган.

Ушбу иш жорий йилнинг 14 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Китоб туман судида кўриб чиқилган. Судда шахс айбига тўлиқ иқрор бўлган.

У Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Болалар сел сувини кечиб мактабга боряпти

Сиз кўрган кадрлар 70–80 йилларга тегишли эмас. У ердаги муҳит ўша даврни эслатса ҳам воқеа 2026 йилда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида кузатилган. Кўриш мумкинки, ўқувчилар сел кечиб, таълим олиш учун ҳаётларини хавф остига қўйиб мактабга боряпти. Уларни катталар опичиб селдан ўтказиб қўйяпти. Яъни мактабга бориш ва келишда болаларни селдан ўтказиш учун катталар ёрдами керак.

“Видео ижтимоий тармоқларда тарқалгандан сўнг изоҳларда бахтсиз ҳодиса содир бўлсачи, бунга ким жавоб беради? Уларга таълим олиш учун нафақат китоб ва дафтар, қишки иссиқ кийимлар, балки резина этиклар ҳам керак бўлади” каби фикрлар билдирилган.

Маълум қилинишича, ҳолат ҳақида масъул ташкилотлар хабардор ва муаммога ечим топиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Жасмина Муртазоева


Author

avatar

.

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends