ЖАРда бир кунда содир бўлган икки отишмада 17 киши ҳалок бўлди
World
−
18:47 431 2 minutes
Жанубий Африкада бир кун ичида содир бўлган иккита оммавий отишма оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Маълум қилинишича, биринчи отишма Питермарицбург шаҳри яқинидаги Свитвотерс ҳудудида содир бўлган. Кеча, 15 ноябрь куни ўқотар қуролдан ўққа тутилган автомобиль ичидан саккиз кишининг жасади топилган. Полиция ҳозирча ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқламаган, гумонланувчилар ҳақида ҳам маълумот йўқ.
Иккинчи ҳодиса эса мамлакат пойтахти Претория яқинидаги Жеффсвилл норасмий турар жой ҳудудида юз берган. 15 ноябрга ўтар кечаси тўрт хонали кулба ичидан ўқотар қуролдан яраланган тўққиз кишининг жасади топилган. Уларнинг олти нафари эркак, уч нафари аёл бўлган. Ушбу ҳодиса юзасидан ҳам ҳозирча ҳеч ким қўлга олинмаган.
Гаутенг провинцияси полиция комиссари Томми Мтхомбенининг айтишича, иккинчи отишма ўтган йили Саулсвилл ҳудудида содир бўлган ва 12 кишининг ўлимига, 13 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган ҳужум билан боғлиқ бўлиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, бу сафарги отишмада ҳалок бўлганлардан бири аввалги ҳодиса бўйича қизиқиш уйғотган шахс бўлган. Шу сабабли полиция қасос ҳужуми эҳтимолини ҳам кўриб чиқмоқда.
Питермарицбург яқинидаги отишма сабабларини аниқлаш ишлари давом этмоқда. Полиция вакили Роберт Нетшиунданинг билдиришича, айрим оилалар ҳалок бўлганларни таниб олиш учун мурожаат қилган, бироқ уларнинг шахси ҳали расман тасдиқланмаган.
Қайд этилишича, сўнгги бир йил ичида Жанубий Африкада жиноий гуруҳлар билан боғлиқ бир нечта оммавий отишмалар содир бўлган. Жорий йилнинг сентябрь ойида Дурбан шаҳри яқинидаги зиёфат вақтида юз берган ҳужумда камида 11 киши, шу жумладан ҳомиладор аёл ҳалок бўлган. Шу ойда тавернага қуролланган шахслар бостириб кириши оқибатида яна 17 киши отиб ўлдирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ франциялик аралаш яккакураш устаси, 26 ёшли Пенго Боссио Ванги Париж яқинидаги Трапп шаҳрида содир бўлган отишма оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All