Жанубий Кореяда диндорларга босим ўтказилаётгани айтилди

World

image

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Жанубий Кореяда виждон ва эътиқод эркинлиги ҳамда фикр билдириш эркинлиги билан боғлиқ вазиятдан хавотир билдирди. Бу ҳақда Human Rights Without Frontiers (HRWF) ташкилоти материалларида маълум қилинди.

Қайд этилишича, бу масалага бағишланган матбуот анжумани Сеулда HRWF, CAP Liberté de Conscience, Дин эркинлиги бўйича Европа форуми (FOREF), Янги динларни ўрганиш маркази (CESNUR) ва Bitter Winter нашри вакиллари иштирокида ўтказилган.

Анжуман иштирокчилари судга қадар қамоқда сақланаётган диний етакчиларга нисбатан муносабатдан хавотир билдирган. Хусусан, улар Жанубий Корея ҳукуматини Синчхонджи черкови раиси 95 ёшли Ли Ман Хи ва Бутунжаҳон оилавий тинчлик ва бирлашиш федерацияси вакили 83 ёшли Хакчи Хан Мунни судга қадар қамоқда сақлаш масаласини қайта кўриб чиқишга чақирган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, диний озчиликларга нисбатан қўлланилаётган ҳуқуқий ва маъмурий чоралар холис, мутаносиб бўлиши ҳамда Жанубий Кореянинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига мос келиши керак. Конференцияда Пусандаги Сегеро черкови билан боғлиқ вазият, виждон сабабли ҳарбий хизматдан бош тортиш, Тэгуда масжид қурилишига қарши намойишлар ва таълим муассасаларида диний ҳуқуқларни таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Шунингдек, Жанубий Кореяда аввал эътиқоди сабабли ҳарбий хизматдан бош тортгани учун жиноий таъқибга учраган Иегова шоҳидларининг аҳволига алоҳида тўхталиб ўтилган. Ташкилотлар вакиллари гап муайян диний гуруҳни ҳимоя қилиш ҳақида эмас, балки барча учун асосий ҳуқуқ ва эркинликларга риоя этилишини таъминлаш ҳақида кетаётганини таъкидлаган.

Матбуот анжумани якунида иштирокчилар Жанубий Корея ҳукуматига Ли Ман Хини судга қадар қамоқдан озод қилишга чақирувчи мактубни имзолаган.

Маълумот учун, Синчхонджи черковининг 95 ёшли раҳбари Ли Ман Хи июнь ойида ўн минглаб издошларини сиёсий партияга киришга мажбурлаганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Ли Ман Хи ва унинг черкови айбловларни рад этиб, тергов билан ҳамкорлик қилаётганини ва кекса раҳбарни қамоқда сақлаш номутаносиб чора эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистоннинг Панжакент шаҳрида маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар миллий анъаналарга мос келмайди деб баҳоланган кийимларга қарши рейдлар ўтказгани хабар қилинганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends