Зеленский Россия Украинага “совға” тайёрлаётганини айтди
World
−
08:35 3517 2 minutes
Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Украинага янги йирик ҳужум тайёрлаётгани ҳақида разведка маълумотлари борлигини билдирди. Бу ҳақда у Telegram-каналида маълум қилди.
Зеленский кеча, 22 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеяси доирасида Британия Бош вазири Энди Бернэм билан учрашуви ҳақида Telegram орқали маълумот бериб, Украина янги ҳаво мудофааси воситаларини таъминлаш масаласида иттифоқчилари билан доимий алоқада эканини айтган.
“Ҳозир Россия Украинага янги оммавий ҳужум тайёрлаётгани ҳақида разведка маълумотлари бор”, деб ёзган Зеленский.
Унинг таъкидлашича, украиналиклар ҳар куни ракета ва дронлар ҳужуми хавфи остида яшаётган бир пайтда Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Россия қўшинлари узоқ вақтдан бери Украинага дронлар ва ракеталар билан йирик тунги ҳужумлар уюштириб келмоқда. Бироқ сўнгги ҳафталарда улар тактикани ўзгартириб, кун давомида ҳам узлуксиз зарбалар бермоқда.
Москва сўнгги ойларда реактив двигателли дронлардан ҳам фойдалана бошлади. Бундай қурилмалар баландроқ парвоз қилиши ва ҳаво мудофаасидан қочиши мумкин, натижада улар Украинада бизнес, давлат муассасалари ва оддий аҳоли ҳаётига аввалгидан ҳам каттароқ таъсир кўрсатмоқда.
Зеленский Нью-Йоркда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан урушни тугатиш бўйича музокаралар ўткаган. Томонлар, жумладан, энергетика объектларига ҳужумларни тўхтатиш бўйича икки томонлама келишув эҳтимолини муҳокама қилган.
“Reuters” маълумотига кўра, Россия қўшинлари Донецк вилоятида секин илгариламоқда, бироқ фронт чизиғида кўп ойлар давомида катта ўзгариш кузатилмаган. Украина эса Россия ҳудудидаги, жумладан нефть саноати объектларига зарбалар бермоқда.
Зеленский, шунингдек, Нью-Йоркда “The Wall Street Journal” нашрига берган интервьюсида Россия Президенти Владимир Путин урушда на ғалаба қозонаётгани, на мағлуб бўлаётганини айтган.
“Жанг майдонидаги вазият Путин учун муваффақиятли эмас. У ғалаба қозонаётгани йўқ, бу ҳақиқат. Аммо у мағлуб ҳам бўлаётгани йўқ, чунки унинг учун инсонларнинг ҳалок бўлиши мағлубият ҳисобланмайди. Бироқ унинг жамияти одамларини йўқотмоқда”, деган Зеленский.
Унинг фикрича, Путин ҳозирча урушни тўхтатиши керак, деб ҳисобламаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина ҳарбий раҳбарияти “Россия ҳужумларига жавобан узоқ масофага ҳаракат қилувчи қуроллардан фойдаланган ҳолда” янги операцияларни келишиб олганди.
Live
All