Зеленский Путинни “душман ва қотил” деб атади

World

−

image

Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ президенти Дональд Трампнинг Россия раҳбари Владимир Путинни “дўстим” деб аташига муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, Трамп Путинга қандай мурожаат қилиши ўзининг иши, аммо Украина учун Россия раҳбари душман ва қотил ҳисобланади. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, Зеленский CNN телеканалига берган интервьюсида Трампнинг Путин билан муносабатларига баҳо берган. Украина президенти Россия раҳбари ҳақидаги ўз қарашини ўзгартирмаганини айтган.

“Менимча, дунёдаги аксарият одамлар учун у қотил, чунки у ҳар куни ва ҳар кеча одамларни ўлдирмоқда”, деган Зеленский.

Унинг фикрича, Путинни “дўст” сифатида тилга олиш Россия раҳбарига нисбатан етарлича босим ўтказилмаётганини англатади.

Аввалроқ Трамп Хитойда Путин билан учрашувидан сўнг Россия президентини “дўстим” деб атаган ва икки давлат раҳбари кўп йиллардан бери ажойиб муносабатларга эга эканини айтган эди. Шунингдек, АҚШ президенти Путин урушни тугатишни жуда хоҳлаётганини билдирган.

“Улар – Зеленский ва Путин – иккаласи ҳам урушни тугатишни хоҳлайди ва менинг улар билан муносабатларим борлиги жуда яхши”,  деган Трамп Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда.

Бироқ у Путин АҚШ учун дўст ёки дўст эмаслиги ҳақида аниқ фикр билдирмаган. Зеленскийнинг баёноти Россиянинг Киевга навбатдаги йирик ҳужумидан кейин янгради. Жума куни Россия кучлари пойтахтдаги кўприклар ва темир йўл вокзалларига зарба берган. Ҳужум оқибатида камида 9 киши ҳалок бўлган.

Украина Президенти ушбу ҳужумни йил бошидан буён амалга оширилган энг йирик зарбалардан бири деб атаган. Унинг сўзларига кўра, Украина ҳудудига 110 та ракета, жумладан, 27 та баллистик ракета ва 400 дан ортиқ дрон учирилган. Оқибатда тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган ва жароҳатланган.

Шу билан бирга, Россиянинг ҳаракатлари билан боғлиқ хавфсизлик масалалари Польшада ҳам кун тартибига чиққан. Польша ҳукумати жума куни Россиянинг қанотли ракеталаридан бири мамлакат ҳаво ҳудудини бузган 3 та объектдан бири бўлганини маълум қилган.

Польша Бош вазири Дональд Туск ушбу ҳолат Ғарб давлатларининг минтақадаги ҳарбий машғулотлари даврида содир бўлганини ҳисобга олиб, буни тасодиф деб ҳисоблаш қийинлигини айтган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган ва моддий зарар қайд этилмаган. Варшава воқеани Москва томонидан амалга оширилган “провокация” деб баҳолаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 19 ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида АҚШ Президенти Дональд Трамп, ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Россия Президенти Владимир Путиннинг уч томонлама музокаралари бўлиб ўтганди. Учрашув Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасидаги “Цилинь Шаньчжуан” давлат қароргоҳида ўтказилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends