Зеленский авиакомпанияларни Россия осмонида учишдан кескин огоҳлантирди
World
−
13:25 3734 2 minutes
Украина Президенти Владимир Зеленский авиакомпанияларни Россия осмони “хавфли бўлиб бораётгани”дан огоҳлантирди. Бу ҳақда у бугун, 2 сентябрь куни ўзининг Telegram-каналида ёзди.
“Бугун биз Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланаётган ҳар бир авиакомпанияни, ҳар бир суғуртачини, Россиянинг асосий аэропортларидан ҳалигача фойдаланаётганларнинг барчасини огоҳлантирмоқчимиз: Россия осмони тўлиқ хавфли бўлиб бормоқда. Украина фуқаролик авиациясининг ўзига – ҳеч бир фуқаролик самолётига таҳдид солмайди. Шунчаки Россия осмонида дронлар шунчалик кўп бўладики, буни ҳисобга олиш шарт. Россия расмийлари бу ҳақда тегишлича хабар бермаётган бўлса-да, Россия осмони де-факто ёпилади: Россия томонидан бошланган уруш унинг осмонини ёпмоқда”, деб ёзди Зеленский.
Президентнинг айтишича, у Украинада бегуноҳ инсонлар ҳаётдан кўз юмишини хоҳламайди.
“Шунинг учун шерикларимизни огоҳлантирамиз: Россия осмонида хавфсиз лаҳзалар тугади. Буни шу ерда, Украинада ишлаётган давлатлар элчилари ва Москвада ишлаётган элчилар эшитиши муҳим. Уларнинг ҳар бири Россия уруши мамлакатимиз, одамларимиз учун нимани англатишини аниқ билади ва бу маълумотни ўз пойтахтларига етказиши керак. Буни ҳозирда биринчи навбатда Москва, Петербург ва бошқа асосий Россия йўналишлари аэропортларига учаётган тегишли авиакомпаниялар эшитиши муҳим. Украина Ташқи ишлар вазирлиги ва тегишли Украина идоралари халқаро тузилмаларга Россия осмонидаги хавф-хатарлар бўйича тўлиқ маълумот беради. Дронлар орасида фуқаролик авиациясига ўрин йўқ”, деб ёзди Зеленский Telegram’да.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зеленский Россияга кунига 1000 та дрон учиришни буюргани ҳақида хабар берилган эди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, ҳозирда Украина Россияга кунига ўртача 300 та дрон билан ҳужум қилмоқда ва бу етарли эмас.
Live
All