Ёзги жазирама 50 мингдан ортиқ одамнинг “бошини еди”
World
−
10:27 596 2 minutes
Жорий йил ёзида Европада кузатилган жазирама оқибатида 50 мингдан ортиқ киши вафот этди. Уларнинг қарийб 65 фоизи инсон фаолияти сабабли кучайган иқлим ўзгариши туфайли ҳалок бўлган. Бу ҳақда янги тадқиқотга таяниб, “Associated Press” хабар берди.
“Nature Health” журналида чоп этилиши кутилаётган тадқиқотда Европанинг 854 та шаҳридаги иссиқ билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ўрганилган. Натижаларга кўра, июнь, июль ва август ойларида кузатилган жазирама оқибатида жами 50 391 киши вафот этган. Шундан 32 619 та ўлимга кўмир, нефть ва газ ёқилиши оқибатида кучайган иссиқ сабаб бўлган.
Бу 2022 йилда қайд этилган 29 480 та ўлим ҳолатидан 71 фоизга кўп. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ҳақиқий кўрсаткич бундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Чунки ҳисоб-китобларда май ойидаги жазирама ва тадқиқотга киритилмаган бошқа ҳудудлардаги ўлимлар ҳисобга олинмаган.
Ўлимларнинг қарийб учдан бири жорий йилнинг 17 июнидан 1 июлигача давом этган кучли жазирама даврида юз берган. Бу вақтда ҳарорат одатдаги кўрсаткичдан 5,3 даражага юқори бўлган.
Тадқиқот муаллифларидан бири, Лондон Империал коллежи иқлимшуноси Клэр Барнснинг айтишича, Ғарбий ва Шимолий Европадаги инфратузилма ҳозир кузатилаётган юқори ҳароратга мослашмаган. Айрим шаҳарларда ҳарорат одатдаги меъёрдан 12 даражагача юқори бўлган.
Иссиқ туфайли энг кўп ўлим Италия, Франция, Испания ва Германияда қайд этилган. Тадқиқотчиларнинг аввалги ҳисоб-китобларига кўра, 2000–2025 йилларда Европа пойтахтлари орасида жазирама оқибатида энг кўп ўлим Римда кузатилган.
Олимлар Европада ҳарорат саноатлашувдан олдинги даврга нисбатан 2,5 даражага ошганини қайд этган. Уларнинг фикрича, кўмир, нефть ва газ ёқилиши оқибатида кучайган глобал исиш жазирамани янада хавфли қилмоқда.
Тадқиқотга кўра, иссиқдан вафот этганларнинг ярмидан кўпи 85 ёшдан ошган. Шунингдек, юқори ҳарорат 20–44 ёш оралиғидаги 800 дан ортиқ инсоннинг ҳам ўлимига сабаб бўлган.
Мутахассислар жазирама оқибатларини камайтириш учун аҳолини олдиндан огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш, совитиш воситаларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ва хавф гуруҳидаги инсонларни ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидламоқда. Шу билан бирга, иқлим ўзгаришини кучайтираётган қазилма ёқилғилардан фойдаланишни камайтириш ҳам муҳим экани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европада кузатилган кетма-кет тўртта рекорд даражадаги жазирама тўлқини сабаб камида 35 минг киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Якуний рақам бундан анча юқори бўлиши мумкинлиги ҳам қайд этилганди.
Live
All