Европа Россияга Украинага ажратганидан кўпроқ маблағ тўлади
World
−
11:03 287 2 minutes
Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар 2022 йилдан 2026 йил октябрь ойи ўрталарига қадар Украинага қарийб 231,5 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратган. Шу даврда Европа давлатларидан Россияга энергия ресурслари, жумладан, газ учун 232,05 миллиард евро тўланган. Бу ҳақда ”Korrespondent.net” хабар берди.
Маълум қилинишича, бу рақамлар Европа комиссиясининг Германия Эркин демократик партиясидан Европа парламенти депутати Мориц Кёрнер сўровига берган жавобида келтирилган. Кёрнер Европа Иттифоқининг Россияга нисбатан сиёсатини танқид қилиб, бу ҳолат Европа ҳаракатларида изчиллик йўқлигини кўрсатишини таъкидлаган. Унинг айтишича, Европа Россиянинг энергетика соҳасини молиялаштиришга Украинага қаршилик кўрсатиш учун ажратаётган маблағига тенг миқдорда пул сарфламоқда. Шу билан бирга, уруш нега тўхтамаётганидан ҳайрон бўлиш нотўғри эканини қайд этган.
Айрим Европа давлатларида Россияга тўланган маблағ ва Украинага кўрсатилган ёрдам ўртасидаги фарқ янада катта. Жумладан, Франция Россияга қарийб 40 миллиард евро тўлаган бўлса, Украинага ёрдам сифатида тахминан 16 миллиард евро ажратган. Италияда ҳам шунга ўхшаш тафовут кузатилган.
Кёрнернинг Der Spiegel нашрига берган интервьюсида таъкидлашича, Европа Иттифоқи Россиянинг ҳарбий хазинасига миллиардлаб евро келиб тушишига йўл қўяётган бир вақтда Украинага етарлича қатъий ёрдам кўрсатмаяпти. Депутат бундай ёндашув урушнинг узоқ давом этишига шароит яратаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ махсус вакиллари Россия томонидан Европа билан келажакдаги хавфсизлик келишуви бўйича янги таклиф тайёрланишини сўрагани ҳақида хабар берилган эди. Унда Москванинг хавфсизлик борасидаги талаб ва хавотирлари, шунингдек, Европа билан муносабатлардаги кескинликни камайтириш учун қандай чоралар кўришга тайёрлиги акс этиши кераклиги айтилган.
Live
All